Тошкентда кўчмас мулк нархлари ўсишда давом этмоқда
Урбанизация ва уй-жой бозорини барқарор ривожлантириш миллий қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлигининг Кўчмас мулкни оммавий баҳолаш миллий марказининг маьлум қилишича, 2026 йил 1 июнь ҳолатига кўра, Тошкент шаҳридаги кўчмас мулк бозорида нархлар ўсиши кузатилди. Тегишли таҳлиллар пойтахтдаги кўп квартирали уйлар, якка тартибдаги турар жойлар ҳамда нотурар объектлар қийматида ижобий динамика сақланиб қолаётганини кўрсатмоқда.
Маълумотларга кўра, кўп квартирали уйлардаги хонадонларнинг бир квадрат метр учун ўртача бозор нархи 3 фоизга ошган. Бу кўрсаткич бўйича энг юқори ўсиш Олмазор ва Яккасарой туманларида қайд этилиб, мазкур ҳудудларда нархлар 5,2 фоизга кўтарилган.

Якка тартибдаги уй-жойлар сегментида ҳам нархлар ўсиши давом этди. Бир сотих ер майдони ҳисобига ўртача бозор қиймати 2,3 фоизга ошган. Бу йўналишда энг юқори ўсиш Миробод туманида кузатилиб, нархлар 6,6 фоизга қимматлашган. Аксинча, Сергели ва Янгиҳаёт туманларида нархлар 3,1 фоизга пасайгани қайд этилди.
Нотурар объектлар бозорида ҳам ижобий тенденция сақланиб, бир квадрат метр учун ўртача бозор нархи 1,9 фоизга ўсган. Ушбу сегментда энг юқори ўсиш Олмазор тумани ҳиссасига тўғри келиб, нархлар 5 фоизга ошган. Шу билан бирга, Бектемир туманида нотурар объектлар қиймати 1,2 фоизга пасайган.
Қайд этилишича, пойтахтда аҳоли сонининг ортиши, янги инфратузилма объектларининг барпо этилиши ҳамда инвестициявий жозибадорликнинг ошиши кўчмас мулк бозоридаги фаолликни сақлаб туришга хизмат қилмоқда. Айниқса, марказий ва инфратузилмаси ривожланган туманларда талаб юқори бўлиб қолаётгани нархлар ўсишига асосий омиллардан бири сифатида баҳоланмоқда.
Ш.Маматуропова,
ЎзА