Янги инвестиция лойиҳалари муҳокама қилинди
Навоий вилояти Навбаҳор туманида қишлоқ хўжалиги соҳасини ривожлантириш ва инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш мақсадида туман ҳокими Алишер Рашидов ҳамда Хитойнинг Xinjiang Huier Agricultural Group Co., Ltd компанияси вакиллари иштирокида учрашув бўлиб ўтди.
Учрашув давомида инвесторнинг Ўзбекистондаги ZHONGHUA HUTUBI TASHKENT GREEN LAND MChJ корхонаси томонидан Навбаҳор туманида доривор ўсимликлар етиштириш, ер майдонларини самарали ўзлаштириш ва замонавий агротехнологияларни жорий этишга қаратилган бир қатор инвестиция лойиҳалари тақдим этилди.

Музокаралар чоғида мазкур ташаббусларнинг иқтисодий аҳамиятига алоҳида эътибор қаратилди. Томонлар лойиҳаларнинг амалга оширилиши янги иш ўринлари яратиш, аҳоли бандлигини таъминлаш ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳажмини оширишга хизмат қилишини таъкидлади.
Шунингдек, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, томчилатиб суғориш тизимларини кенг жорий этиш ва юқори ҳосилдорликка эришиш масалалари ҳам муҳокама қилинди. Хитойлик инвесторлар замонавий технологиялар асосида доривор ўсимликлар етиштириш ва ер ресурсларидан самарали фойдаланиш бўйича амалий ишлар олиб бориш режалаштирилаётганини маълум қилди.

Учрашув якунида томонлар инвестициявий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, истиқболли лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларни босқичма-босқич амалга ошириш бўйича ўзаро келишувларга эришди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири