Тошкент вилоятининг “Оқ овул” жамоаси ДХХ кубоги ғолиби бўлди
ДХХ кубогининг ўғил болалар ўртасидаги футбол мусобақаларида Тошкент вилоятининг “Оқ овул“ жамоаси финалда Бухоро вилояти жамоасини 1:0 ҳисобида енгди.
2026 йил мамлакатимиз футболи учун улкан тарихий воқеликларга бой бўлди. Миллий терма жамоамиз илк бор Жаҳон чемпионатида иштирок этди.
Бундай юксак марраларга эришишда давлатимиз раҳбарининг спорт соҳасига қаратаётган юксак эътибори муҳим аҳамият касб этмоқда.
Республика ёшлари орасида тобора оммалашиб бораётган футбол ва мини-футбол бўйича Давлат хавфсизлик хизмати кубоги мусобақалари эса миллионлар ўйинига иштиёқманд иқтидорларни кашф этиш, уларни катта спорт сари йўналтиришда ўзига хос мактаб вазифасини ўтамоқда.
Жорий йилда ҳам “Давлат хавфсизлик хизмати кубоги” мусобақалари катта шукуҳ билан ташкил этилди. Туман ва шаҳарлар кесимида апрель-май ойларида ўтказилган баҳслар июнь-июль ойларида вилоят босқичида давом этди. Унда жами 262 минг нафардан ортиқ ёшлар иштирок этди.
Ўз ҳудудларида тенгсиз деб топилиб, Республика босқичига йўлланмани қўлга киритган 42 та жамоа 17–22 август кунлари “Бунёдкор” футбол академияси майдонларида ўзаро куч синашди. Муросасиз кечган баҳсларда ҳар бир жамоа ўз ҳудуди шарафини муносиб ҳимоя қилишга интилди.
Иштирокчиларнинг беллашувлардан ташқари бўш вақтларини мазмунли ўтказишлари учун пойтахтимизнинг диққатга сазовор масканларига ташрифлар ҳам ташкил этилди. Бу ёшлар ўртасида ўзаро дўстлик ва бирдамлик руҳини янада мустаҳкамлаб, уларга унутилмас таассуротлар бағишлади.
Бу йилги мини-футбол мусобақалари якунига кўра, олтин медални Қашқадарё вилояти жамоаси қўлга киритди. Тошкент шаҳри жамоаси кумуш медаль билан кифояланди. Наманган вилояти ёшлари эса шоҳсупанинг учинчи поғонасидан жой олди.
Ғолиб жамоа маҳалласига замонавий мини-футбол майдони қуриб берилади. 2-ўринни эгаллаган жамоа маҳалласи универсал спорт майдони билан таъминланса, 3-ўрин соҳибларига стритбол майдони қуриб берилади.
Қизлар ўртасидаги баҳсларда Тошкент вилояти жамоаси ғолибликни қўлга киритди. Самарқанд вилояти жамоаси иккинчи, Тошкент шаҳри жамоаси эса учинчи ўринни эгаллади.
Ғолиб ва совриндорлар пул мукофотлари ҳамда қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.
Ўғил болалар ўртасидаги футбол мусобақаларида финал йўлланмаси учун кечган баҳслар ҳам юқори шиддат ва жиддий қарама-қаршиликларга бой бўлди.
Якуний натижаларга кўра, Тошкент вилояти чемпионликни қўлга киритди. Бухоро вилояти жамоаси иккинчи, Тошкент шаҳри жамоаси эса учинчи ўринни эгаллади.
Жавоҳир Тошхўжаев,
Алмурод Мамадаминов (сурат), ЎзА