“Беш ташаббус олимпиадаси” ғолиблари аниқланди
Стол устидаги ҳар бир зарба — аниқлик, тезкорлик ва юксак диққат талаб қилади. Сирдарёда эса бу спорт турида ўз маҳоратини намойиш этган энг кучли маҳалла ёшлари аниқланди. “Беш ташаббус олимпиадаси” доирасида стол тенниси бўйича вилоят босқичи мусобақаси қизғин ва муросасиз баҳсларга бой бўлди.
Ширин шаҳар спорт мактабининг Стол тенниси марказида ўтказилган беллашувда вилоятнинг 11 та туман ва шаҳридаги туман (шаҳар) босқичларида ғолиб бўлган маҳалла ёшлари иштирок этишди. Улар 16–21, 22–26 ва 27–30 ёш тоифаларида ўғил-қизлар ўртасида чемпионлик учун куч синашди.
Беллашувларда спортчиларнинг ҳар бир ҳаракати, ҳар бир зарбаси ҳал қилувчи аҳамият касб этди. Тезкорлик, аниқлик ва рақиб ҳаракатини олдиндан англай билиш ғолиблик сари йўлда муҳим омилга айланди.
[gallery-31017]
Қизғин кечган баҳслар якунига кўра, 16–21 ёшли ўғил болалар ўртасида Сардоба туманидан Тўрабоев, қизлар баҳсида эса Мирзаобод туманидан Шаҳзода Хўжабоева биринчи ўринни эгаллади.
22–26 ёш тоифасида ўғил болалар ўртасида Ширин шаҳри вакили Шаҳриёр Пўлатов, қизлар ўртасида Боёвут туманидан Муштарий Довурова ғолиб бўлди.
27–30 ёшли иштирокчилар ўртасидаги беллашувларда эса Оқолтин туманидан Шаҳзод Бозоров ўғил болалар орасида, Мирзаобод туманидан Динора Сирожиддинова қизлар ўртасида чемпионликни қўлга киритди.
Бир қарашда оддий кўринадиган стол тенниси аслида спортчидан катта жисмоний ва руҳий тайёргарликни талаб этади. Тез қарор қабул қилиш, рақиб ҳаракатини илғаш, зарбани аниқ йўналтириш ва баҳснинг сўнгги сониясигача иродани бой бермаслик ғалабанинг муҳим шартларидир.
Шу маънода, “Беш ташаббус олимпиадаси” доирасидаги мазкур мусобақа нафақат ғолибларни аниқлади, балки маҳаллаларда спорт билан шуғулланаётган ёшларнинг салоҳиятини намоён этиш учун ҳам ўзига хос майдон бўлди.
Мусобақа якунига кўра, биринчи, иккинчи ва учинчи ўринларни эгаллаган жами 18 нафар ғолиб ва совриндор ташкилотчилар томонидан муносиб тақдирланди. Энди вилоят биринчилигида ўз маҳоратини намоён этган спортчиларни олдинда янада масъулиятли ва юқори даражадаги мусобақалар кутмоқда. Муҳими, улар олдида катта мусобақаларда Сирдарё шарафини муносиб ҳимоя қилишдек шарафли вазифа турибди.
Ғулом Примов, Умид Обиджонов (сурат) ЎзА