Тошкент вилоятида арония ўсимлиги кўпайтирилмоқда
Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ туманида арония майдонлари ташкил этилмоқда. Тошкент давлат аграр университети Қишлоқ хўжалиги экинлари генетикаси, селекцияси ва уруғчилиги факультети талабалари устозлари, кафедра профессори Муҳаммадазиз Фахриддинов кўмагида ушбу ўсимлик парвариши бўйича илмий тадқиқотлар олиб боришмоқда.
Айтиш керакки, қора мевали арония озуқа, манзарали ва дориворлик хусусиятига эга бўлгани учун уни кўпайтириш мақсадида етиштирилмоқда. Ушбу далага 4 йил бурун Сербия давлатидан бута кўчатлари келтирилган. Соҳа мутахассисларининг таҳлилларига кўра ўсимлик Ўзбекистон ерларига мос келган, ҳосилдорлиги кўпроқ, мевалари йирикроқ. Агротехник тадбирлари ҳам унчалик мураккаб эмас. Сув ва ўғитлари вақтида берилса, кўзланган мақсадга эришилади. Касалликларга деярли учрамайди. Асосан томчилатиб суғориш орқали парвариш қилинмоқда. Эгат оралиғи 4 га 1.5 схемада экилади. Тупроқ танламайди ва бизнинг муҳитга тўғри келади.
- Қора мевали арония ўзининг қимматли хусусиятлари билан ажралиб туради, - дейди Тошкент давлат аграр университети Қишлоқ хўжалиги экинлари генетикаси, селекцияси ва уруғчилиги факультети талабаси Муҳаммадумар Содиқов. - Атиргулдошлар (Росаcеае) оиласига мансуб бўлиб, мевали дарахт ёки бута ҳаётий шаклига эга. Одатда у халқ табобатида кенг қўлланилади. Сўнгги йилларда ундан озиқ-овқат саноатида ранг берувчи восита сифатида фойдаланилмоқда. Қурғоқчиликка ва иссиққа ўта чидамли бўлгани учун кам сув талаб қилади. Бошқа экинлар ўсмайдиган унумсиз ёки шўрланган ерларда ҳам ўсади.

- Арониянинг ватани Шимолий Америка ҳисобланади, - дейди ушбу факультет талабаси Мерелла Тўйчибекова. - Кейинчалик у Европа ва бошқа ҳудудларга тарқалган. Ҳозирги кунда озиқ-овқат маҳсулоти сифатида турли мамлакатларда етиштирилади. Бутаси одатда 1–3 метр баландликка етиши мумкин. Барглари яшил рангда бўлиб, куз фаслида қизил ёки тўқ- қизил рангга киради. Баҳорда оқ рангли гуллар очади. Мевалари кичик, думалоқ бўлиб, одатда ёз охири ёки куз бошида пишади. Пишган мевалари жуда тўқ рангга эга бўлади. Уларнинг таъми ширин, нордон ва бироз тахир бўлиши мумкин.
Арония мевалари янги ёки қуритилган ҳолда истеъмол қилинади. Шунингдек, ундан шарбат, чой, мураббо, сироп, ичимлик ва турли десертлар тайёрлаш мумкин. Унинг таркибида инсон организми учун жуда фойдали бўлган кўплаб витаминлар, минераллар ва биологик фаол моддалар мавжуд.
Айниқса, тўқ рангни берувчи антоцианлар ва полифеноллар муҳим аҳамиятга эга. Улар антиоксидант хусусиятга эга. Организмни оксидловчи стрессдан ҳимоя қилишда ёрдам беради. Иммун тизимининг нормал фаолиятини қўллаб-қувватлашда муҳим ҳисобланади. Овқат ҳазм қилиш тизимининг нормал ишлашига ёрдам беради. У майда қон томирлари деворини ўтказувчанлигини ва уларнинг мўрт - синувчан бўлиб қолишини камайтиради, қон томирини кенгайтиради ҳамда гипертония билан касалланган беморларнинг қон босимини пасайтиради. Мева ва унинг шираси яна меъда шираси ва ўт ажрашини кучайтиради, меъда ферментларининг фаоллигини оширади ҳамда атеросклероз билан оғриган беморларнинг қонидаги холестерин миқдорини камайтиради.
Ҳозирда тажриба-синов сифатида Юқори Чирчиқ туманида ушбу ўсимлик 2 гектарда кўпайтирилмоқда, барча хусусиятлари ўрганиб чиқилганидан сўнг республикамизнинг бошқа ҳудудларида ҳам кўпайтириш режалаштирилган.
Санжар Тошпўлатов, ЎзА