“Яшил макон”: Жиззахда 10,8 миллион туп кўчат экилади
Жиззах вилоятида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида кўчат экиш ишларини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш мақсадида кузги мавсумга пухта тайёргарлик кўрилмоқда.
Вилоят ҳокими Улуғбек Мустафоев раҳбарлигида ўтказилган йиғилишда баҳорги мавсумда йўл қўйилган айрим камчиликлар таҳлил қилиниб, энди асосий эътибор экилган кўчатлар сонига эмас, уларнинг яшовчанлигига қаратилиши таъкидланди. Бунинг учун ҳар бир ниҳолнинг қаерга экилиши, сув таъминоти ва кейинги парвариши олдиндан белгилаб қўйилади.

Жорий куз мавсумида вилоят бўйича 10 миллион 800 минг туп кўчат экиш режалаштирилган. Бу баҳорда белгиланган 5 миллион 900 минг туп режага нисбатан қарийб икки баробар кўп. Кўчатлар янги боғ ва тутзорлар, маҳаллалар, фермер хўжаликлари дала четлари, ўрмон хўжаликлари, автомобиль ва темир йўллар бўйлари, канал ва ариқлар соҳиллари, саноат корхоналари, таълим ҳамда тиббиёт муассасалари ҳудудларига экилади.
Режага кўра, 3 миллион 900 минг туп кўчат боғ ва тутзорлар барпо этишга, 1 миллион 600 минг тупи маҳаллаларга, 1 миллион 800 минг тупи фермерлар дала четларига йўналтирилади. Қолган кўчатлар бошқа белгиланган ҳудудларни кўкаламзорлаштиришга сарфланади.

Ҳудуд раҳбарлари ва соҳа мутасаддиларига кўчат экиладиган майдонларни ўн кун муддатда тайёрлаш, суғориш имкониятларини яратиш ва етарли кўчат захирасини шакллантириш вазифаси юклатилди.
Янги мавсумда кўкаламзорлаштириш ишлари маҳаллаларда ҳам кенг қулоч ёяди. Хусусан, хонадонлар атрофини ободонлаштириш, дарахт ва гуллар экиш жараёнига маҳалла фаоллари, нуронийлар, фахрийлар ва кенг жамоатчилик жалб этилади. Вилоятнинг 13 та маҳалласида уч гектардан майдонда намунавий “Яшил боғ”лар барпо этилиши кўзда тутилган.
“Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини амалга оширишда маҳаллалар ролини кучайтиришга қаратилган чора-тадбирлар доирасида “3-30-300” тамойилини босқичма-босқич жорий этиш ҳам назарда тутилмоқда. Унга кўра, аҳоли учун дарахтлар сонини кўпайтириш, ҳудудларда соя-салқин яшил майдонларни кенгайтириш ва яшил ҳудудларни пиёда етиб бориш мумкин бўлган масофада ташкил этиш мақсад қилинган.

Ер майдони чекланган жойларда ҳам яшил ҳудудлар яратиш имкониятларидан фойдаланилади. Кўп квартирали уйлар оралиғи, мактаб ва боғчалар ҳовлиларида маҳалла “микро-ўрмон”лари, бетон ва асфальт қопламали жойларда эса кичик жамоат боғлари ташкил этилади.
Кўчат экиш билан бир қаторда мавжуд дарахтларни асраш, ариқ ва зовурларни тозалаш, чиқиндиларни ўз вақтида олиб чиқишга ҳам эътибор қаратилади. Шу мақсадда 1 октябрдан “Тозалик ва ободонлик” долзарб ойлиги бошланиб, маҳаллалар, кўп квартирали уйлар атрофи, ижтимоий соҳа объектлари, автомобиль йўллари ва жамоат жойларида ободонлаштириш ишлари амалга оширилади.
Ҳудудларнинг яшиллик даражасини ошириш учун “Яшил дастур”лар ҳам ишлаб чиқилади. Уларда янги боғлар ва сояли сайр йўлакларини барпо этиш, сув тежовчи суғориш тизимларини жорий қилиш, дарахтларни парваришлаш бўйича аниқ манзил, муддат, маблағ ва масъуллар белгиланади.

Зеро, дарахт экиш – бир кунлик тадбир эмас. Уни экишдан кўра асраб қолиш муҳим. Ниҳолнинг илдиз отиб, йиллар давомида яшнаб туриши учун сув, меҳнат ва мунтазам парвариш зарур. Шу боис “Яшил макон”нинг ҳақиқий самараси экилган кўчатлар сони билан эмас, уларнинг эртага ҳам соғлом ва барҳаёт бўлиши билан ўлчанади.
Мақсад ягона – Жиззахнинг ҳар бир маҳалласи, кўчаси ва ҳудудида яшилликни кўпайтириш, аҳоли учун янада тоза, соя-салқин ва обод муҳит яратиш.
Абдужалол Қаюмов,
ЎзА мухбири