Тошкент вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
Тошкент вилояти Оҳангарон туманидаги А373 халқаро йўлида ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида муҳим чора кўрилди. Энди ҳайдовчилар учун тезлик янгича тартибда белгиланди.
Тошкент вилояти Оҳангарон тумани ҳудудидан ўтувчи халқаро аҳамиятдаги А373 “Тошкент–Оҳангарон–Ангрен–Қўқон–Шаҳрихон–Андижон” автомобиль йўлида йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш, фуқаролар ҳаёти ва соғлиғини муҳофаза қилиш ҳамда ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида транспорт воситалари учун ҳаракатланиш тезлиги камайтирилди.
Бу ҳақда Халқ депутатлари Тошкент вилоят Кенгашининг тегишли қарори қабул қилинди. Унга кўра, Оҳангарон тумани ҳудудидан ўтувчи ушбу автомобиль йўлида енгил автомобиллар учун максимал ҳаракатланиш тезлиги 80 км/соат, юк автомобиллари учун эса 50 км/соат этиб белгиланди.
***

Янгийўл туманида қишлоқ хўжалиги ерларидан самарали фойдаланиш, экспортбоп ва юқори даромадли маҳсулотлар етиштиришга қаратилган инновацион иссиқхоналарни ташкил этиш бўйича семинар ўтказилди.
Унда вилоят ҳокимлиги, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бошқармаси масъуллари, ҳудудий бўлим раҳбарлари, тижорат банклари ва маҳаллалардаги ташаббускорлар иштирок этди. Асосий эътибор Хитой тажрибаси асосида барпо этилаётган замонавий иссиқхона комплекси имкониятлари ҳамда истиқболли лойиҳаларга қаратилди. Шунингдек, ердан фойдаланиш соҳасидаги сўнгги ислоҳотлар ва энергия тежамкор қурилмалар учун ажратилаётган субсидиялар ҳақида маълумот берилди. Иштирокчилар инновацион иссиқхона фаолияти билан танишиб, ушбу тажрибани ҳудудларда кенг жорий этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш масалалари юзасидан фикр алмашди.
***
Тошкент вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасида Россия Федерацияси Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан ҳамкорликда эпидемиологик хавфсизлик масалаларига бағишланган семинар-тренинг ташкил этилди.

Семинарда тиббиёт муассасаларида эпидемиологик хавфсизликни таъминлаш, шифохона ичи инфекцияларининг олдини олиш, тиббий жиҳозларни замонавий усулларда зарарсизлантириш, дезинфекция воситаларини қўллаш ҳамда кадрлар малакасини ошириш масалалари муҳокама қилинди. Якунда икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш ва кадрлар салоҳиятини ошириш бўйича келишувларга эришилди.
А.Мусаев, ЎзА