Таътилда ҳам мактаб гавжум — ўқувчилар спорт ва ижод билан банд (+видео)
Фарғона вилояти Олтиариқ туманидаги 38-мактабда ёзги таътил кунлари болалар учун ҳақиқий байрамона муҳитда ўтмоқда. Мактаб ҳудудида ташкил этилган ёзги оромгоҳда ўқувчиларнинг дам олиши, янги билим ва кўникмаларга эга бўлиши ҳамда бўш вақтларини мазмунли ўтказишлари учун барча шароитлар яратилган.
Мактаб директори Муқаддам Юсуфжонованинг таъкидлашича, таътил давомида устозлар томонидан турли машғулотлар ва қизиқарли тадбирлар ташкил этилмоқда. Болалар дарслардан ташқари ўз қизиқишлари бўйича турли тўгаракларда ҳам иштирок этмоқда.
Айниқса, бу мактабда расм чизишга иштиёқманд болалар жуда кўп. Улар табиат қўйнида ўтириб, ўз тасаввурлари ва орзуларини қоғозга муҳрламоқда. Ёш мусаввирларнинг ранг-баранг ижод намуналари мактаб муҳитини янада жонли ва файзли қилиб турибди. Сўлим табиат бағрида ўтаётган машғулотлар болаларга алоҳида завқ бағишламоқда.
Оромгоҳ дастуридан спорт мусобақалари ҳам муносиб ўрин олган. Футбол, волейбол, югуриш беллашувлари, шунингдек шахмат ва шашка мусобақаларида болалар фаол иштирок этиб, ўз иқтидорларини намоён қилмоқда.
Энг муҳими, ота-оналар ҳам фарзандларининг бўш вақтлари мазмунли ташкил этилганидан мамнун. Улар фарзандларининг кун бўйи фойдали машғулотлар билан банд бўлиб, янги дўстлар орттираётгани, билим ва иқтидорларини ривожлантираётганини мамнуният билан таъкидламоқда.
Мазкур мактабдаги ёзги оромгоҳда ҳар бир кун янги таассурот, янги билим ва янги ютуқлар билан ўтмоқда. Бу ерда болалар нафақат дам олади, балки ўз орзу ва қобилиятларини кашф этиб, ёзги таътилни унутилмас хотираларга бой тарзда ўтказади.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/y_EI4oR-Fu8" title="Taʼtilda ham maktab gavjum — oʼquvchilar sport va ijod bilan band" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Н.Раҳмонова, С.Обиджонов (монтаж), ЎзА