Тошкент вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
Бош вазир ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Зулайхо Маҳкамова ҳамда Тошкент вилояти ҳокимлиги масъуллари Пискент туманида пилла қурти етиштириш ҳамда боқувчиларга тарқатиш жараёнлари билан яқиндан танишишди.
Учрашув давомида пилла қурти уруғларини сифатли тайёрлаш, уларни белгиланган тартибда аҳолига етказиш, парвариш жараёнларини самарали ташкил этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Мутахассислар томонидан боқувчиларга амалий тавсиялар берилиб, юқори ҳосилдорликка эришиш бўйича тушунтириш ишлари олиб борилди.
Маълумки, пиллачилик соҳасида Хитой тажрибаси дунёда етакчи ҳисобланади. Айниқса, юқори ҳосилдор ипак қурти навлари, озуқа базасини тўғри ташкил этиш ва замонавий парвариш технологияларини жорий этиш орқали юқори натижаларга эришилмоқда. Бугунги кунда мазкур илғор тажрибаларни жорий этиш мақсадида жойларда хорижий ҳамкорлар билан ҳамкорлик йўлга қўйилган. Бу эса аҳоли бандлигини таъминлаш, қўшимча даромад манбаларини яратиш ва экспорт салоҳиятини оширишга хизмат қилмоқда.
***
Республика бўйлаб ўтказилаётган “Қора дори-2026” кенг кўламли назорат тадбирлари доирасида Пискент тумани ИИБ тезкор ходимлари томонидан “Бирлик” МФЙ ҳудудида жойлашган хонадон ўрганилди.
Натижада ушбу уй эгаси ҳовлисидаги узум томорқаси тагида 57 туп таркибида гиёҳвандлик воситаси бўлган ўсимликларни парваришлаб, етиштириб келаётгани аниқланди ва холислар иштирокида ашёвий далил сифатида расмийлаштирилиб олинган.
Судга оид кимёвий экспертиза хулосасига кўра, олинган 57 туп ўсимлик танаси, барглари, илдизлари, бошоқларидан ташкил топган ОПИЙЛИ КЎКНОРИ экани аниқланган. Ҳолат юзасидан туман ИИБ томонидан иш қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

***
Зангиота туманида газ таъминоти тизими тубдан янгиланмоқда. Хусусан, биргина “Ўратепа” МФЙда аҳолини бир маромда ва хавфсиз табиий газ билан таъминлаш мақсадида кенг кўламли модернизация ишлари олиб борилмоқда.

Амалга оширилаётган ишлар туфайли ҳудуд икки босқичли газ таъминоти тизимига ўтказилмоқда. Бунинг учун 220 та хонадонга алоҳида газ редукторлари ўрнатиляпти. Газ ҳисоблагичлари хавфсизлик талаблари асосида кўча қисмига чиқарилмоқда, эски газ қувурлари тартибга келтирилиб, эстетик ҳолатга келтирилмоқда. Жойларда замонавий, юқори босимли янги газ тақсимлаш пункти ўрнатиляпти.
Ушбу янгиланишлар натижасида ҳудуддаги газ босими барқарорлашади ва техник йўқотишларнинг олди олинади.
А. Мусаев, ЎзА