Ғолиблар республика босқичига йўлланма олди
Андижонда “Беш ташаббус олимпиадаси”нинг “Бўзатов фестивали” – “Ёшлар овози – 2026” танловнинг вилоят босқичи бўлиб ўтди.
Маҳалла ёшларининг мусиқа ва санъатга бўлган қизиқишларини қўллаб-қувватлаш, рағбатлантириш, миллий санъат ва маданиятни ривожлантириш, ёш санъаткорлар орасида ижодий муҳитни мустаҳкамлаш мақсадида ўтказилаётган “Ёшлар овози – 2026” танловида 10 ёшдан 30 ёшгача бўлган ёш санъаткорлар бахшичилик, анъанавий, опера ва эстрада ижрочилиги йўналишларида ўз иқтидорларини намойиш этди.
– Андижон вилоятининг маҳалла босқичларида барча йўналишлар бўйича 40 минг нафардан зиёд ёш санъаткор иштирок этди, – дейди Ёшлар ишлари агентлиги Андижон вилояти бошқармаси Матбуот хизмати раҳбари Назирахон Убайдуллаева. – Танловнинг туман, шаҳар босқичларида ғолибликни қўлга киритган 113 нафар иштирокчи вилоят босқичида қатнашиб, ўзларининг истеъдод ва маҳоратларини синовдан ўтказди. Юқори кўтаринкилик, қизғин баҳслар остида ўтган танловда ёш ижодкорларнинг миллий қадриятларга ҳурмат, Ватанга муҳаббат, санъатга ошуфталик ҳамда келажакка бўлган орзу-интилишлар ўз аксини топди.
Танловнинг якуний натижаларига кўра, анъанавий ижрочилик йўналишида Андижон шаҳридан Илёсбек Умаров, Жалақудуқ туманидан Одинахон Абдумухторова, Сирожиддин Султонов, эстрада йўналишида Андижон шаҳридан Района Шокиржонова, Марҳамат туманидан Аслиддин Холматов, Булоқбоши туманидан Камрон Жамшидов, опера йўналишида Жалақудуқ туманидан Абдулазиз Арзибоев, Андижон шаҳридан Сарвар Исмоилжонов, Асака туманидан Юлдуз Мухторова, бахшичилик йўналишида 16-22 ёш тоифасида Хўжаобод туманидан Салиме Жиянбаева, 23-30 ёш тоифасида Андижон туманидан Самандар Гулбоев ғолиб деб топилиб, танловнинг республика босқичида қатнашиш йўлланмасини қўлга киритди.
[gallery-29378]
– Танловда ғолиб бўлиб, республика босқичига йўлланма олдим, – дейди танловнинг анъанавий ижрочилик йўналиши ғолиби Одинахон Абдумухторова. – Республика босқичида ҳам юқори ўринларни эгаллашга ҳаракат қиламан. Умуман, ушбу танлов менга ўз иқтидоримни кўрсатиш, катта саҳнада қўшиқ куйлаш, энг муҳими, кўплаб дўстлар орттириш учун имкон берди.
Ғолиб ва совриндорлар ташкилотчилар томонидан диплом ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Ф. Убайдуллаев,
З. Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари.