Томорқасини пистазорга айлантираётган оила
Сурхондарё вилоятининг Шўрчи туманидаги Қоқайди маҳалласида яшайдиган Алёр Абдуҳамидов томорқасида парваришланаётган хандон писта оиланинг қўшимча даромад манбаига айланмоқда.
Мўъжазгина томорқадан оқилона фойдаланишда маҳалладошларига ўрнак бўлаётган Ойсара Воҳидова олти йил муқаддам турмуш ўртоғи билан олти сотих ерга яхши ниятда писта кўчатини экди. Меҳнатсевар, сабру қаноатли хонадоннинг соҳибу соҳибаси писта кўчатлари секин улғайиб, 5-6 йилда ҳосилга киришини билса-да, ниҳолларни меҳр билан парваришлади. Қатор ораларига ишлов берди. Маҳаллий ва минерал ўғитлар билан озиқлантириб, зараркунанда ва касалликлардан ҳимоя қилди. Кўчатларнинг тезроқ ривожланиши учун унинг пастки шохларини кесиб, асосий танага эътибор қаратди.
Томорқани пистазорга айлантираётган оилада ўтган йилдан кўп эмас, 40 туп писта дарахти ҳосилга кирган. Унинг мева бераётгани оила аъзоларини улуғвор мақсад ва янги ғоялар сари етаклаётир.
– Биздан томорқамизда писта етиштириш истаги пайдо бўлганини эшитган таниш-билишларимиз бу дарахтдан ҳосил олишни кўп йиллар кутиш кераклигини айтди, – дейди Ойсара Воҳидова. – Лекин кўчатларни экиб, унинг мева беришини сабр билан кутдик. Ҳар бир кўчатни фарзандимиздек парваришладик. Мана, ўша биз кутган йил келиб, меҳнатимиз самарасини кўряпмиз. Энди пистанинг маҳаллий иқлимга мослашган янада ҳосилдор навларини кўпайтириб, кўчатчиликни ҳам ривожлантиряпмиз.

Мутахассислар пистани қурғоқчиликка чидамли, сердаромад дарахт сифатида таърифлайди. Таркибида 40-60 фоиз ёғ, 15-20 фоиз оқсил, 3-4 фоиз қанд, микро ва макро элементлар, темир, мис, марганец, фосфор, йод, кальций, руҳ, углеводлар, минерал тузлар, турли витаминлар борлигини айтади. Унинг қон таркиби ва жигарни яхшилаши, юрак-қон томир касалликлари ривожланишининг олдини олиши, ўпка саратони хавфини камайтириши, иммунитетни ошириб, хотирани мустаҳкамлаши аниқланган. Юртимизда пистанинг хуштаъм мевасидан қандолатчиликда, дарахтидан дурадгорликда фойдаланилади. Кўчати уруғидан ва пайвандлаш усули билан кўпайтирилади.
Маълумотларга кўра, Сурхондарё вилоятида писта экиб, парваришлаш бошланганига қарийб тўқсон йил бўлмоқда. Илк писта кўчатлари “Боботоғ” давлат ўрмон хўжалиги ҳудудида экилиб, кўпайтирилган. Айни пайтда ҳам тоғлар қўйнидаги пистазорлардан мўл ҳосил олинади. Кейинги йилларда мамлакатимизда томорқани даромад манбаига айлантиришга қаратилаётган эътибор деҳқон хўжаликлари ва томорқаларда ҳам писта етиштиришга қизиқиш пайдо қилди. Қоқайдилик томорқадорнинг соҳадаги тажрибаси бунга яққол мисол бўла олади.
– Писта ҳосилга кирган дастлабки йилда ҳар бир дарахтдан ўртача 4-5 килодан ҳосил олдик, – дейди томорқа эгаси Алёр Абдуҳамидов. – Лекин, бу йилги ҳосил чўғи ўтган йилгидан андак пастроққа ўхшайди. Биз буни табиий ҳол, деб ўйлаяпмиз. Ҳосилдорликни янада ошириш ва писта етиштириш тажрибамизни кенгайтириш йўлидаги изланишларни давом эттиряпмиз. Шу мақсадда селекция ишларини олиб бориб, ҳосилдор навларни пайванд қиляпмиз. Ҳозир томорқамизнинг бир қисмида иқлимимизга мослашган минг тупдан ортиқ писта кўчатини парваришлаяпмиз.
Аслида пистанинг яна бир хусусияти у бир йил мўл, иккинчи йил камроқ ҳосил тугади. 15-20 йиллик писта дарахти ўртача 10-12 килограммдан ҳосил бериши мумкин. Суғорилган майдонларга экилган маданийлашган писта бундан ҳам кўпроқ мева тугиши кузатилган. Соҳанинг шу каби сиру-синоатини чуқур ўрганган томорқадор оила келгусида пистадан кўпроқ ҳосил олиш ва кўчатчиликни ривожлантириш орқали қўшимча даромад топишни кўзда тутмоқда.
Сайёрамизда оби-ҳаёт тақчиллашиб бораётган бир пайтда сувсизликка чидамли писта етиштиришда тўплаган тажрибасини маҳалладошлари билан баҳам кўриб, кўчат билан таъминлашни мўлжалламоқда. Буларнинг барчаси мамлакатимизда қишлоқ одамларининг томорқадан оқилона фойдаланиб, ўз даромад манбаини яратиши ва тўкин турмуш кечириши йўлида амалга оширилаётган ислоҳотлар самарасидир.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири