Тинчлигимиз посбонлари шарафланди
Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 28 йиллиги ҳамда 14 январь – Ватан ҳимоячилари куни Тошкент вилоятида ҳам кенг нишонланмоқда.
14 январь – Ватан ҳимоячилари куни
Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 28 йиллиги ҳамда 14 январь – Ватан ҳимоячилари куни Тошкент вилоятида ҳам кенг нишонланмоқда.
Байрам муносабати билан барча туман ва шаҳарларда, вилоят ҳудудида жойлашган ҳарбий қисмларда “Ватанпарварлик – миллий юксалиш кафолати!” шиори остида маънавий-маърифий тадбирлар, давра суҳбатлари ва учрашувлар, спорт ва китобхонлик мусобақалари ўтказилди.

Асосий байрам тадбири Олмалиқ шаҳридаги “Нурнигор” тантаналар мажмуасида бўлиб ўтди. Тадбирда вилоят мудофаа, ички ишлар бошқармаси, прокуратураси ходимлари, ҳудуддаги ҳарбий қисм офицерлари, аскарлар, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Мамлакатимиз сарҳадлари дахлсизлиги, ҳаётимизнинг тинч ва осудалигини таъминлаш ҳамда давлатимизнинг жадал тараққий этишида профессионал армиямизнинг ўрни беқиёс экани таъкидланди.

Дарҳақиқат, мамлакатимизда миллий армияни профессионаллаштириш, ушбу жараёнда ҳар қандай вазиятда ҳам ташаббускор ҳамда самарали қарорлар қабул қилишга қодир бўлган сержантларнинг янги авлодини тайёрлаш ва тарбиялашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Бугунги кунда замонавий жиҳозланган, моделлаштириш ҳамда симуляция воситалари, компьютер техникаси билан таъминланган сержантлар тайёрлаш мактабларида таълим олаётган мутахассислар аскарлар таркиби учун нафақат энг яқин кичик командирлар сифатида, балки ҳарбий жамоаларда соғлом ахлоқий-руҳий ҳамда маънавий муҳитни таъминлашнинг муҳим омили бўлиб хизмат қилмоқда.

Тадбир аввалида хизмат бурчини ўташ чоғида мардларча ҳалок бўлган 46 нафар ҳарбий хизматчи ва ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари оила аъзоларига 5 миллион сўмдан пул ҳамда байрам совғалари топширилди. Шунингдек, халқаро ва республика миқёсидаги спорт мусобақаларида ғолибликни қўлга киритган бир гуруҳ вилоят спортчилари ҳам вилоят ҳокимлигининг ташаккурнома ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Тантанали маросимда Ватан, тинчлик, мардлик ва жасоратни тараннум этувчи концерт дастури ҳамда ҳарбийларнинг жанговар чиқишлари намойиш этилди.
Тадбирда Тошкент вилояти ҳокими вазифасини бажарувчиси Р.Холматов сўзга чиқди.