Тил ва адабиёт масканида ўзбек тили байрами нишонланди
Миллатнинг маданиятини, маънавий қиёфасини унинг тилисиз тасаввур этиб бўлмайди. Ана шу бебаҳо бойлигимизга ўз вақтида жиддий ғоявий ҳужумлар уюштирилди. Бироқ, ўзбек иродаси букилмади. Маънавий булоғи лойқаланмади.
Ана шундай муқаддас кун муносабати билан юртимиз бўйлаб қатор тадбирлар ўтказилмоқда. Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида Ўзбек тили байрами кунига бағишланган маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.
Тадбир Яккасарой тумани ҳокимлиги ва университет ҳамкорлигида ташкил этилди. Унда туман ҳокимлиги ҳамда олийгоҳ масъуллари, профессор-ўқитувчилар, талаба-ёшлар ҳамда туман тиббиёт ходимлари иштирок этди.

Тадбир давомида сўзга чиққанлар ўзбек тилининг бой тарихи, бетакрор жозибаси, миллий қадриятларимизни асраб-авайлаш ва келажак авлодга етказишдаги беқиёс ўрни ҳақида фикр билдирди.
Кечанинг бадиий қисмида талаба-ёшлар томонидан она тилимизни мадҳ этувчи шеърлар, адабий чиқишлар намойиш этилиб, иштирокчиларга кўтаринки кайфият улашилди.

Шунингдек, бўлажак педагогларнинг зиммасида ёш авлодни она тилига муҳаббат, миллий қадриятларга садоқат ва Ватанга дахлдорлик руҳида тарбиялашдек шарафли масъулият тургани алоҳида эътироф этилди.
Шербек Исломов,
ЎзА