Ходимга қўшимча вазифа юклатиш тартиби қандай?
Ҳуқуқий муносабат
Замонавий меҳнат бозорида ташкилот ривожланиши ва иш жараёнини самарали ташкил этиш мақсадида ходимларга қўшимча вазифаларни юклаш тез-тез кузатиладиган ҳолатдир. Аммо бу жараён шунчаки раҳбарнинг оғзаки топшириғи билан эмас, балки амалдаги меҳнат қонунчилиги талабларига қатъий риоя қилган ҳолда расмийлаштирилиши шарт.
Хўш, Янги Меҳнат кодексига асосан, ходимга қўшимча мажбуриятлар юклаш қандай тартибга солинади? Иш берувчи ва ходим ушбу жараёнда қандай ҳуқуқ ҳамда мажбуриятларга эга?
Тошкент давлат юридик университети Юридик клиникаси ходими Имомали Туев бу борада қуйидагича ҳуқуқий тушунча берди:
–Ходимга қўшимча вазифа юклатиш (вазифаларни кенгайтириш ёки бир нечта лавозимда ишлаш) Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодекси асосида тартибга солинади. Бу жараён ходимнинг розилиги ва қўшимча ҳақ тўланишини талаб этади.
Қўшимча вазифа доимий бўлса, ёзма келишув бўлиши керак. Меҳнат кодексининг 116-моддаси тўртинчи қисмига кўра, ходимга қўшимча вазифа доимий юклатилса, буни меҳнат шартномасига қўшимча келишув билан расмийлаштириш керак. Акс ҳолда, бу қонун бузилиш ҳисобланади ва иш берувчининг маъмурий жавобгарлигини келтириб чиқаради.
Агар вақтинча, яъни муддатли бўлса, буни ходимнинг розилиги билан иш берувчининг буйруғи билан расмийлаштириш мумкин. Меҳнат кодексининг 116 ва 259-моддаларига асосан қўшимча вазифа юклатилганда қўшимча тўлов тўланиши керак. Фақат вақтинча йўқ бўлган ходимнинг ишини бажариш қонунчилик, меҳнат шартномаси ва мансаб йўриқномасида кўрсатилганда қўшимча ҳақ тўланмайди.
Шунингдек, Давлат фуқаролик хизматчисининг ҳаёти, соғлиғи ва мол-мулки давлат ҳимоясида туради. Давлат фуқаролик хизматчиси хизмат вазифасини бажариш чоғида жароҳатланса ёки соғлиғига зарар етса, етказилган зарарнинг ўрни давлат органи томонидан қопланади.
Давлат фуқаролик хизматчиси хизмат мажбуриятларини бажараётганда вафот этса, унинг қарамоғидаги оила аъзоларига ўртача йиллик иш ҳақининг 6 бараваридан кам бўлмаган миқдорда бир марталик нафақа тўланади. Хизмат вазифаларини бажариш билан боғлиқ ҳолда давлат фуқаролик хизматчисининг мол-мулкига етказилган зарар Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан тўлиқ қопланади.
Гулноза Бобоева,ЎзА