Тиббиёт ходимларининг хорижда таълим олиш ва малака ошириши учун танлов давом этмоқда
Ҳар йили мутахассисларнинг хорижда ўқиши ва малака ошириши учун 50 миллиард сўм ажратилади
Мамлакатимизда ҳар йили Давлат бюджети маблағларидан 50 миллиард сўм ажратилиб, тиббиёт мутахассисларининг хорижда ўқиши, малака ошириши ва қайта тайёрланишини ташкил қилиш тизими йўлга қўйилган.
Номзодлар томонидан топширилган ҳужжатларни қабул қилиш ва белгиланган тартибда танлов ўтказиш учун Тиббиёт ва фармацевтика ходимларининг малакасини баҳолаш маркази масъул ҳисобланади. Ушбу жараённи амалга ошириш учун шаффофликка асосланган янги механизм жорий этилган.
Танлов ғолибларининг магистратура ва клиник ординатурада етакчи хорижий олий таълим муассасаларида ўқиш харажатлари, контракт пули ҳамда давлат тиббиёт муассасалари ходимларининг хорижда малака ошириши ва қайта тайёрланиши билан боғлиқ харажатлар Тиббиётни ривожлантириш давлат мақсадли жамғармаси томонидан қоплаб берилмоқда.
Тиббиётни ривожлантириш жамғармаси дирекцияси бошлиғи Анвар Ҳасановнинг сўзларига кўра, 2025 йилда хорижий олий ўқув юртларидаги клиник ординатурага ўқишга кирган 75 нафар йигит-қизнинг контракт тўловлари учун 13 миллиард 95,3 миллион сўм, 29 нафар талабанинг яшаш ва кунлик тўловлари учун 2 миллиард 492,6 миллион сўм маблағ йўналтирилган. Шунингдек, 361 нафар тиббиёт мутахассисининг хорижда малака ошириши учун 21 миллиард 232,4 миллион сўм маблағ тўлаб берилган.
– Бундан ташқари, юртимиз тиббиёт ходимларининг малакасини ошириш учун юртимизга 50 нафар хорижлик мутахассис жалб қилинган бўлиб, бунга 326 миллион сўм маблағ сарфланди, – дейди Анвар Ҳасанов. – Ушбу фаолият 2026 йилда ҳам давом эттирилиб, биринчи ярим йилликда 225 нафар мутахассис хорижда малака ошириш имконини қўлга киритди. Бунга 16 миллиард 565,3 миллион сўм маблағ йўналтирилиши кўзда тутилган. 2026 йилда тиббиёт ходимларимизнинг малакасини ошириш учун юртимизга 100 нафар чет эллик мутахассис жалб қилиниши ҳамда хорижий олий ўқув юртларидаги клиник ординатурага 50 нафар битирувчини Тиббиётни ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан ўқишга юбориш режалаштирилган.
Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълум қилишича, шу кунларда Тиббиёт ва фармацевтика ходимларининг малакасини баҳолаш марказининг https://mas.ssv.uz ахборот тизими орқали (2026 йил 10 июлдан 10 августгача) хорижда таълим олиш ва малака ошириш учун бу йилнинг иккинчи танлови ўтказилмоқда.
Моҳигул Қосимова, ЎзА