Тиббиёт хабарлари
Ўзбекистон ва АҚШ Миллий саломатлик институтлари ўртасида ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди
Тиббиёт ва фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги ҳамда АҚШ Миллий саломатлик институтлари (NIH) таркибидаги Фогарти Халқаро Маркази (Fogarty International Center — FIC) раҳбарияти ўртасида онлайн мулоқот бўлиб ўтди.
Мулоқотда NIH грант дастурлари, халқаро илмий ташаббусларда иштирок этиш, шунингдек, "BioPharma City" фармацевтика кластери негизида илмий кадрлар тайёрлаш ва тадқиқот салоҳиятини ошириш имкониятлари муҳокама қилинди.
Шунингдек, NIH таркибидаги етакчи илмий муассасалар билан онкология, геномика, инфекцион касалликлар, эндокринология ва биоинформатика каби устувор йўналишларда тажриба алмашиш ва илмий ҳамкорликни ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди.
Маълумот учун, FIC NIH тизимида халқаро илмий ҳамкорликни ривожлантириш ва тадқиқотчилар салоҳиятини оширишга қаратилган халқаро марказ ҳисобланади.
***
Тиббиёт ва фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори Абдулла Азизов Хитойнинг тиббий буюмлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган "Magnum Médical Service" компанияси вакили билан учрашди.
Учрашувда компания фаолияти ва Ўзбекистон бозорида ўз иштирокини кенгайтириш режалари тақдим этилди. Шунингдек, ишлаб чиқариш қувватларини "BioPharma City" фармацевтика кластери ҳудудида жойлаштириш, инвесторлар учун яратилган шарт-шароитлар, давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чоралари, солиқ ва божхона имтиёзлари ҳамда инвестиция лойиҳасини амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашув якунида ҳамкорлик имкониятларини батафсил ўрганиш ва истиқболли инвестиция лойиҳасини кейинги босқичда ишлаб чиқиш учун зарур маълумотларни алмашишга келишиб олинди.
***
Шунингдек, Абдулла Азизов Афғонистоннинг йирик фармацевтика дистрибьюторлари билан учрашди. Учрашувда Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасида фармацевтика соҳасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган фармацевтика маҳсулотлари экспортини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, афғонистонлик дистрибьюторлар Ўзбекистондаги фармацевтика корхоналарининг ишлаб чиқариш қувватлари билан танишди.
Учрашув якунида Ўзбекистоннинг «Remedy Group» МЧЖ ҚК ва Афғонистоннинг «Najib Muhid» LTD компаниялари ўртасида 5 миллион АҚШ долларлик экспорт шартномаси имзоланди.
Мазкур келишув икки давлат ўртасида фармацевтика маҳсулотлари савдосини кенгайтириш ва янги қўшма лойиҳаларни амалга оширишга қаратилган амалий қадам бўлди.
***
Дори воситаларини ишлаб чиқарувчи маҳаллий корхоналар вакиллари иштирокида навбатдаги онлайн мулоқот ташкил этилди. Унда Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази ҳамда Тиббиёт ва фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигининг масъул ходимлари, шунингдек, маҳаллий фармацевтика ишлаб чиқарувчиси “MEDIOFARM” МЧЖ вакиллари иштирок этди.
Асосий мавзу корхона томонидан ишлаб чиқарилаётган дори воситаларини белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказиш, шунингдек, аввал давлат рўйхатидан ўтказилган дори воситаларига берилган рўйхатдан ўтказилганлик гувоҳномаларининг амал қилиш муддатини узайтириш билан боғлиқ масалалар бўлди.
Мулоқот давомида “MEDIOFARM” МЧЖ томонидан ишлаб чиқарилган 27 номдаги дори воситаси юзасидан тегишли масалалар атрофлича кўриб чиқилди. Жумладан, мазкур дори воситаларини давлат рўйхатидан ўтказиш жараёнининг амалдаги талаблари, ҳужжатларни расмийлаштириш, экспертиза жараёнлари ҳамда рўйхатдан ўтказилганлик гувоҳномаларининг амал қилиш муддатини узайтириш билан боғлиқ жиҳатлар юзасидан фикр алмашилди.
Шунингдек, маҳаллий ишлаб чиқарувчи корхона вакиллари томонидан дори воситаларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва экспертизадан ўтказиш жараёнлари билан боғлиқ қатор саволлар берилди. Амалдаги тартиб-таомиллар ва талаблар асосида батафсил жавоблар қайтарилди.
Учрашув давомида маҳаллий ишлаб чиқарилган дори воситаларини экспертизадан ўтказиш жараёнида аниқланган камчиликларни ўз вақтида бартараф этиш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Ишлаб чиқарувчи корхона вакилларига аниқланган камчиликларни белгиланган тартибда бартараф этиш, зарур ҳужжат ва маълумотларни талаблар асосида тақдим этиш юзасидан тегишли тавсия ва кўрсатмалар берилди.
Моҳигул Қосимова, ЎзА