Тошкентдаги реновация: эски маҳаллаларнинг янги қиёфаси ва аҳоли манфаатлари кафолати
Бугун Тошкент ўз тарихидаги энг йирик ва муҳим трансформация даврларидан бирини бошдан кечирмоқда. Шаҳарнинг эскирган, авария ҳолатидаги уй-жой фондини янгилаш ва замонавий урбанизация талабларига мослаштириш мақсадида бошланган реновация дастури бугун жамоатчилик эътиборидаги энг асосий мавзуга айланди. Мазкур жараёнларнинг қай даражада шаффоф кетаётгани, эски ҳудудларнинг янги қиёфаси ва энг муҳими, аҳоли учун яратилаётган шароитларни холис баҳолаш мақсадида Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан ОАВ ходимлари учун пресс-тур ташкил этилди.
Пресс-тур давомида Миробод туманидаги эски турар жой бино ва иншоотларининг амалдаги ҳолати, Реновация штабидаги лойиҳани мувофиқлаштириш ва амалга ошириш жараёнлари, Сергели туманидаги фойдаланишга топширилган замонавий уйлар ва яратилган янги инфратузилма билан танишилди.

Хусусан, Миробод туманидаги А.Фитрат маҳалласидаги ўзгаришлар кўздан кечирилди. Дастлаб, Реновация штаби фаолияти, унинг аъзолари, фуқаролар билан ишлаш тартиби ҳамда мулкдорларга таклиф этилаётган имкониятлар ҳақида маълумот берилди. Шундан сўнг журналист ва блогерлар маҳалладаги мавжуд муаммолар, аҳолининг мурожаатлари ҳамда реновация жараёнига оид масалалар билан жойида танишди.

А.Фитрат маҳалласида 14 гектар ҳудуддаги 57 та кўп хонадонли уй ва 530 та хонадон реновация лойиҳасига киритилган.
Кейинги манзилларда ҳам реновация жараёнлари ва аҳоли билан олиб борилаётган ишлар билан танишилди. Жумладан, “Янги Ўзбекистон” массивида реновация иштирокчилари билан учрашув бўлиб ўтди.

Бу ерда реновация дастури иштирокчиларининг дастлабки вакилларига 40 дан ортиқ янги хонадон калитлари топширилган. Журналист ва блогерлар янги массивдаги шароитлар билан танишди. Бу ерда аҳолининг кундалик эҳтиёжлари инобатга олинган бўлиб, мактаб ва поликлиника яқин, уй ҳовлилари автомобиллардан холи. Болалар ўйнаши, спорт билан шуғулланиши ва оилалар биргаликда вақт ўтказиши учун ҳам алоҳида ҳудудлар ажратилган.

Пресс-тур иштирокчилари янги хонадонларга кўчиб келган оилалар билан самимий суҳбатлашиб, яшаш шароитлари ва таассуротлари билан танишди.
Гулноза Бобоева, ЎзА