Тиббий хизмат сифати таҳлил қилинди
Аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, тиббий хизматлар сифатини янада ошириш ҳамда соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларнинг самарадорлигини ўрганиш мақсадида соғлиқни сақлаш вазири Элдор Адилов бошчилигидаги ишчи гуруҳ Бухоро вилоятида ўрганишлар олиб бормоқда.
Ўрганишлар давомида ҳудудлардаги тиббиёт муассасаларининг фаолияти, моддий-техник базаси, рақамлаштириш жараёнлари ва аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар ҳолати атрофлича таҳлил қилинди.

Дастлаб вазир вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Элёр Олтиев ҳамроҳлигида Бухоро шаҳридаги 6-сон ва 9-сон оилавий поликлиникаларда бўлди. Муассасаларнинг мавжуд инфратузилмаси, беморларга хизмат кўрсатиш шароитлари ҳамда тиббий жиҳозлар билан таъминланганлик даражаси ўрганилди. Айниқса, биноларнинг эскирганлиги ва аҳоли эҳтиёжларига мос равишда реконструкция қилиш заруратига алоҳида эътибор қаратилди. Шу муносабат билан бошланган қурилиш ва таъмирлаш ишларининг бориши кўздан кечирилиб, уларни белгиланган муддатларда ва сифатли амалга ошириш бўйича масъулларга тегишли топшириқлар берилди.

Шундан сўнг ишчи гуруҳ Абу Али ибн Сино номидаги Бухоро давлат тиббиёт институтида бўлди. Бу ерда вазир ўқув бинолари, институт музейи, халқ табобати лабораторияси ҳамда 200 ўринга мўлжалланган клиниканинг фаолияти билан яқиндан танишди. Муассасада талабалар ва шифокорлар учун яратилган шарт-шароитлар, замонавий таълим ва амалиёт уйғунлиги юқори баҳоланди.

Институт ректори Шухрат Тешаев ҳамда клиника бош врачи Шермуҳаммад Турсунов билан мулоқот ўтказилиб, тиббиёт таълими сифатини ошириш, илмий тадқиқотлар кўламини кенгайтириш ва аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматларни янада такомиллаштириш юзасидан муҳим тавсия ва кўрсатмалар берилди.

Вазир Бухоро шаҳар туғруқхонаси фаолияти билан ҳам танишди. Муассасада рақамли технологияларни жорий этиш, электрон тиббий ҳужжатлар юритиш тизими, тиббий хизматларни ташкил этиш даражаси ва беморларга яратилган шароитлар ўрганилди. Шунингдек, она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш, перинатал хизматлар сифатини яхшилаш ҳамда мавжуд имкониятлардан янада самарали фойдаланиш бўйича қатор таклиф ва тавсиялар билдирилди.

Вазир Элдор Адилов мамлакатнинг барча ҳудудларида тиббий хизмат сифати бир хил даражада бўлиши лозимлигини таъкидлади.
–Мамлакатимизнинг ҳар бир ҳудудида, пойтахтдами ёки марказдан олис туман ва шаҳардами, аҳолига бир хил даражада сифатли тиббий хизмат кўрсатилмаса, халқимиз розилигига эришиш қийин,–деди вазир.
Соғлиқни сақлаш вазирининг Бухоро вилоятига ташрифи давомида тиббиёт муассасалари фаолияти ҳар томонлама ўрганилиб, мавжуд муаммолар ва уларнинг ечимлари юзасидан аниқ вазифалар белгилаб берилди. Бу эса ҳудудда тиббий хизматлар сифатини янада яхшилаш, соҳанинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш борасидаги ишлар самарадорлигини оширишга хизмат қилади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири