Йиллик инфляция даражаси 5,5 фоизгача пасайди
Ўзбекистон иқтисодиётида макроиқтисодий барқарорликни мустаҳкамлаш борасида муҳим ижобий натижалар қайд этилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Статистика агентлигининг сўнгги маълумотларига кўра, жорий йил май ойи якунлари бўйича йиллик инфляция даражаси 5,5 фоизгача пасайди. Бу кўрсаткич сўнгги йиллар мобайнида кузатилган энг паст даражалардан бири сифатида баҳоланмоқда.
Рақамлар таҳлилига кўра, нархлар ўсиш суръати босқичма-босқич секинлашмоқда. Жорий йил апрель ойида йиллик инфляция 7 фоиз бўлган бўлса, ўтган йилнинг май ойида бу кўрсаткич 8,7 фоизни ташкил этган. Шу тариқа, бир йил давомида умумий нархлар босимида сезиларли пасайиш қайд этилган.
Иқтисодчиларнинг фикрича, инфляциянинг пасайиши аҳолининг реал даромадлари ва харид қобилиятини қўллаб-қувватлашда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда. Шу билан бирга, бу ҳолат пул-кредит сиёсатида амалга оширилаётган чора-тадбирларнинг самарадорлигини ҳам кўрсатади.
Умумий инфляция даражасининг пасайишига қарамасдан, истеъмол бозорида айрим маҳсулотлар нархида ўсиш кузатилмоқда. Хусусан, гўшт маҳсулотлари май ойида энг юқори нарх ўсишини қайд этган.
Маълумотларга кўра, бир ой давомида суяксиз мол гўшти нархи 3,6 фоизга, суякли мол гўшти ва қўй гўшти нархлари 2,9 фоизга ошган.
Мутахассислар бу ҳолатни мавсумий омиллар, чорва озуқаси таъминотидаги ўзгаришлар ҳамда ички бозорда талаб ва таклиф мувозанати билан изоҳламоқда.
Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг асосий стратегик мақсади инфляцияни узоқ муддатли 5 фоизлик таргет даражасига барқарор равишда тушириш ва ушбу кўрсаткични сақлаб қолишдан иборат.
Амалга оширилаётган пул-кредит сиёсати, қатъий молиявий назорат ва макроиқтисодий барқарорликни таъминлашга қаратилган чоралар натижасида мамлакат ушбу мақсадли даражага тобора яқинлашиб бормоқда.
Бироқ иқтисодий таҳлилчиларнинг қайд этишича, жорий паст инфляция даражаси доимий барқарор ҳолат сифатида сақланиб қолмаслиги мумкин. Прогнозларга кўра, йил якунига қадар инфляция 6,5 фоиз атрофида шаклланиши эҳтимоли мавжуд. Бунга энергия ресурслари тарифларининг босқичма-босқич мослаштирилиши, таркибий ислоҳотлар ҳамда мавсумий талабнинг ортиши каби омиллар таъсир кўрсатиши мумкин.
Марказий банк ва иқтисодий идоралар прогнозларига кўра, ташқи ва ички омиллар таъсирини бошқариш, қатъий пул-кредит сиёсати ва ислоҳотларни изчил давом эттириш орқали мамлакатда инфляцияни 5 фоизлик барқарор даражага 2027 йил охиригача тўлиқ яқинлаштириш режалаштирилган.
Қайд этилишича, ҳозирги тенденция макроиқтисодий барқарорликни мустаҳкамлаш, инвестиция муҳитини яхшилаш ва аҳоли фаровонлигини ошириш йўлида муҳим қадамлардан бири бўлиб хизмат қилмоқда.
Ш.Маматуропова, ЎзА