“Термиз мулоқоти” иккинчи йиғилиши иштирокчилари Термизда
Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлашга қаратилган “Тинчлик, ўзаро боғлиқлик ва барқарорлик: умумий фаровонлик пойдеворини шакллантириш” мавзусидаги “Термиз мулоқоти”нинг иккинчи йиғилиши иштирокчилари Сурхондарё вилоятидаги ташрифини буюк аллома Ҳаким Термизий мажмуасини зиёрат қилишдан бошлади.
Мажмуада Қуръон тиловат қилиниб, меҳмонларга улуғ аждодимизнинг ҳаёти ва илмий мероси ҳақида атрофлича маълумот берилди. Шунингдек, Ҳаким Термизийнинг ислом илм-фани ривожига қўшган беқиёс ҳиссаси, қадимги Термиз шаҳрининг минтақалараро алоқалар ва цивилизациялар чорраҳасидаги муҳим ўрни хусусида сўз юритилди.
Таъкидланганидек, Марказий ва Жанубий Осиё туташган ҳудудда жойлашган Термиз асрлар давомида йирик савдо, маданий ва цивилизацион марказ вазифасини бажарган. Бу заминда зардуштийлик, буддавийлик, христианлик ва ислом каби турли диний-маърифий анъаналар ривож топган. Шаҳар ўз даврида Юнон-Бақтрия ва Кушон подшоликлари каби қадимий давлатлар таркибида муҳим аҳамият касб этган бўлса, Темурийлар даврида йирик илмий, ҳунармандчилик ва маъмурий марказ сифатида юксалган.
– Буюк олим Ҳаким Термизий мангу қўним топган ушбу мажмуа қалбимда ўзгача илиқ таассурот қолдирди, – дейди Женевадаги Ёшлар мулоқоти ва тинчлик маркази (YCDP) ходими Ахмад Навид Захед. – Муқаддас қадамжони зиёрат қилгач, ўзимни янада енгил ҳис этдим. Қадимдан бу шаҳар маданият, илм-фан ва савдо маркази бўлган. Ўзбекистон ташаббуси билан ана шу бой анъаналарнинг қайта тикланаётгани таҳсинга лойиқ. Бу каби ташаббусларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш зарур.
[gallery-29808]
Ташриф давомида форум қатнашчилари мажмуа ҳудудида жойлашган Термиз тарихи ва термизийлар тарихи музейи билан ҳам танишиб, воҳанинг бой тарихи, маданий мероси ҳамда буюк аждодлар ҳаётига оид ноёб экспонатларни кўздан кечирди.
“Термиз мулоқоти” доирасида ўтказилаётган бундай тадбирлар минтақа халқларини яқинлаштириш, умумий тарихий меросни англаш ва ўзаро ишонч муҳитини мустаҳкамлашга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
Холмумин Маматрайимов, Жонибек Қўзимуродов (сурат) ЎзА мухбирлари