Телефон рақами ва ЖШШИР мос келмаса, банк иловаларида рўйхатдан ўтиш рад этилади
Ўзбекистонда мобил банк иловалари орқали рўйхатдан ўтиш тартиби янада кучайтирилмоқда. Янги талабларга кўра, фойдаланувчининг телефон рақами ва жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами (ЖШШИР) ўзаро мос келмаса, банк иловаларида рўйхатдан ўтиш рад этилади.
Маълум қилинишича, ушбу тартиб Марказий банк бошқарувининг тегишли қарори асосида жорий этилмоқда. Янги талаблар 2026 йил 22 апрелдан бошлаб амалга киритилиши белгиланган.
Янги талабларга кўра, Мобил банк иловасида рўйхатдан ўтишда телефон рақами фақат шу шахс номига расмий рўйхатдан ўтган бўлиши керак. Телефон рақами ва ЖШШИР мослиги автоматик тарзда текширилади. Маълумотлар мос келмаса, рўйхатдан ўтиш рад этилади. Бу ҳақда фойдаланувчига SMS-хабарнома юборилади.
Шунингдек, банк картасини мобил иловага бириктириш жараёни ҳам алоҳида тартибда амалга оширилади. Унда бир марталик ОТР-код киритиш, биометрик идентификациядан ўтиш талаб қилинади.
Агар мобил иловага уланган телефон рақами билан банк картасига уланган телефон рақами мос келмаса, картани бириктириш жараёни автоматик равишда тўхтатилади.
Янги тартибга кўра, фақат шахснинг ўзига тегишли банк карталарини бириктириш мумкин. Яқин қариндошлар истисно сифатида рухсат этилади. Бегона шахслар номидаги карталар орқали пул ўтказмалари чекланади.
Яқин қариндошлар тоифасига, ота-она, ака-ука ва опа-сингиллар, эр-хотин, фарзандлар, бобо-буви ва неваралар, турмуш ўртоқнинг яқин қариндошлари киритилган.
Мазкур ўзгаришлар мобил банк хизматларида фирибгарлик ҳолатларини камайтириш, шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш ва киберхавфсизликни кучайтириш мақсадида жорий этилмоқда.
Ш.Маматуропова,
ЎзА