Очиқ мулоқот ижтимоий масалалар ечимига хизмат қилмоқда
Тошкент туманидаги Маданият марказида Бош вазир ўринбосари Зулайҳо Маҳкамова бошчилигида хотин-қизлар учун сайёр қабул ташкил этилди.
Унда ҳудуд хотин-қизлари билан очиқ мулоқот ўтказилиб, мурожаатлари, таклиф ва мулоҳазалари атрофлича ўрганилди. Айниқса, аҳолини қийнаб келаётган ижтимоий муаммоларни бартараф этиш, бандликни таъминлаш, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, тиббий хизмат сифатини яхшилаш ҳамда ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларни қўллаб-қувватлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Тадбирда қайд этилганидек, мамлакатимизда хотин-қизларнинг жамиятдаги ўрни ва нуфузини янада мустаҳкамлаш, уларнинг билим олиши, касб эгаллаши, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши учун кенг имкониятлар яратилмоқда. Бу борада давлат томонидан қабул қилинаётган дастурлар ва амалга оширилаётган лойиҳалар муҳим аҳамият касб этяпти.
Сайёр қабул жараёнида 20 нафардан зиёд хотин-қизларнинг мурожаатлари тингланди. Хусусан, иш билан таъминлаш, имтиёзли кредит олиш, тадбиркорлик фаолиятини кенгайтириш, соғлиқни сақлаш хизматларидан фойдаланиш, моддий ёрдам олиш ҳамда ижтимоий ҳимоя масалалари асосий ўринни эгаллади.

Ҳар бир мурожаат масъул ташкилотлар ва мутасаддилар иштирокида атрофлича муҳокама қилиниб, муаммоларнинг ечимини топиш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгилаб олинди. Айрим масалалар шу жойнинг ўзида ижобий ҳал қилинди. Қўшимча ўрганиш ва муайян вақт талаб қиладиган мурожаатлар эса тегишли ташкилотлар назоратига олиниб, уларнинг ижросини таъминлаш бўйича масъулларга аниқ вазифалар юклатилди.
Қабулда Тошкент вилояти ҳокими ўринбосари Н. Нормирзаева, Касаба уюшмалари вилоят кенгаши раиси Сайёра Файзиева ҳамда Республика касаба уюшмалари федерациясининг масъул вакили Тўхта Бозоров иштирок этиб, мурожаатларни кўриб чиқиш жараёнида фаол қатнашди. Шунингдек, жараёнга вилоят ички ишлар бошқармаси, соғлиқни сақлаш бошқармаси, адлия органлари, банк муассасалари, камбағалликни қисқартириш ва бандлик бошқармалари, "Ҳунарманд" уюшмаси, Касб-ҳунар агентлиги ҳамда уларнинг туман бўлинмалари раҳбарлари ҳам жалб этилди. Бу эса мурожаатларни комплекс тарзда кўриб чиқиш ва уларнинг ечимини тезкор таъминлаш имконини берди.

Таъкидланганидек, бундай сайёр қабуллар аҳоли билан мулоқотни янада мустаҳкамлаш, фуқароларнинг давлат идораларига бўлган ишончини ошириш ҳамда одамларни қийнаётган муаммоларни жойида ҳал этишда муҳим аҳамият касб этади. Муҳими, ҳар бир мурожаат ортида инсон тақдири тургани инобатга олиниб, уларга бефарқ бўлмаслик, муаммоларни ўз вақтида ҳал этиш устувор вазифа сифатида белгиланди.
Сайёр қабул якунлари бўйича масъул ташкилотларга мурожаатлар ижросини қатъий назоратга олиш, ҳар бир масала юзасидан аниқ натижаларга эришиш ҳамда хотин-қизларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш юзасидан тегишли топшириқлар берилди.
А. Мусаев, ЎзА