Танзила Норбоева: Хивада илгари сурилган таклиф ва ташаббуслар стратегик келишувларни рўёбга чиқаради
“Стратегик шериклик: парламентлараро мулоқотни ривожлантириш, ҳамкорликнинг янги вазифалари ва истиқболлари” мавзусида ўтказилаётган тўртинчи Ўзбекистон - Беларусь парламентлараро форуми ялпи мажлиси очилишида мамлакатларимиз Президентлари Шавкат Мирзиёев ва Александр Лукашенконинг тадбир иштирокчиларига табрик сўзлари ўқиб эшиттирилди.
Сенат Раиси Танзила Норбоева давлатларимиз раҳбарларининг табрик сўзлари парламент фаолиятига билдирилган ишонч эканини алоҳида таъкидлади.
– Президентларимиз қўшма фаолиятимизни қўллаб-қувватлаётгани биз учун фахр, - деди Т.Норбоева. – Шу билан бирга, бу катта масъулият ҳамдир. Хивада илгари сурилган таклифлар, ташаббуслар амалий ишларга айланиши лозим. Ана шунда биз мамлакатларимиз ўртасида эришилган стратегик келишувларни рўёбга чиқришга муносиб ҳисса қўшган бўламиз.
Олдинга ҳаракат қилиш учун жиддий асос мавжуд. Сўнгги беш йилда ўзаро савдо ҳажми уч баробарга ошди ва ўтган йил якунларига кўра бир миллиард долларга яқинлашди. Бугунги кунда 360 қўшма корхона фаолият юритмоқда. Ўзбекистон Президентининг июль ойида Беларусга ташрифи якунлари бўйича умумий қиймати икки миллиард доллар бўлган 310 лойиҳа ва тадбирдан иборат дастур келишиб олинди.

“Рақамлар ортида доимо инсонлар ва уларнинг меҳнати туради. Ўзбекистон ва Беларусь ишлаб чиқарувчилари маҳсулотлари кўргазмасида тақдим этилган маҳсулотларнинг қанчалик хилма-хил эканини кўриш биз учун мамнуниятли бўлди. Ушбу кўргазма корхоналарга бир-бирини топиш, етказиб бериш масалаларини муҳокама қилиш ва янада яқин ҳамкорлик учун мавжуд имкониятларни кўришга ёрдам берди. Кейинги қадам – қўшма ишлаб чиқаришни кенгайтириш. Корхоналаримиз тажриба ва ресурсларни бирлаштириши, маҳсулотларни ҳамкорликда ишлаб чиқариши ва уларни янги бозорларга таклиф этишидир”, деди Сенат Раиси.
Бу борада қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, фармацевтика, енгил ва озиқ-овқат саноати соҳаларида катта истиқболлар мавжудлиги қайд этилди. Ҳар қандай янги ишлаб чиқариш учун малакали кадрлар ва замонавий ечимлар зарур. Андижон ва Витебск вилоятлари ўртасидаги ҳамкорлик тажрибаси мавжуд. Хивадаги тўғридан-тўғри мулоқот бошқа ҳудудларга ҳам бир-бирини яхшироқ англаш имконини беради: айримларга ишлаб чиқариш бўйича ҳамкорлар топиш, бошқаларга эса таълим, хизмат кўрсатиш ёки туризм соҳаларини ривожлантириш учун имконият яратади.

Туризм соҳасига алоҳида тўхталиб ўтилди. Самарқанд, Бухоро, Хива ва Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудлари ўз тарихи, маданияти ва анъаналари билан меҳмонларни ўзига жалб этади. Беларуснинг ҳам ўзига хос шаҳарлари, табиати ва меҳмондўстлиги билан боғлиқ бой имкониятлари мавжуд. Ўзаро сафарлар халқларимизнинг бир-бирини яхшироқ англашига ёрдам беради, маҳаллий бизнес учун эса ривожланишнинг янги йўналишларини очади.
Тадбиркор аёллар форумлардан кейин ўзаро алоқаларни давом эттираётгани муҳимлиги қайд этилиб, бу сафарги форум ҳам уларга ана шундай имконият бергани алоҳида таъкидланди.
Норгул Абдураимова,
Бекзодбек Саидов (сурат), ЎзА