Ўзбекистонда 40 мингдан зиёд муаллим 1 минг доллардан ортиқ маош олмоқда
Президентимиз Шавкат Мирзиёев Ўқитувчи ва мураббийлар куни арафасида «Янги Ўзбекистон» университетида устоз ва мураббийлар билан учрашув ўтказмоқда.
Муаллимнинг қадри ва обрўсини юксалтириш натижасида соҳага кўплаб малакали педагоглар кириб келди. Халқаро ва миллий сертификатга эга ўқитувчилар сони беш йилда 29 мингдан 143 мингга ошди, мактабларда ўқитувчи етишмаслиги уч баробар камайди. PISA таҳлилида бу кўрсаткич Ўзбекистонда 8 фоиз, ўрганилган 91 давлатда ўртача 40 фоиз экани келтирилган.
Ҳозир 40 минг муаллим 1 минг доллардан, яна 1,5 минг нафари 2 минг доллардан юқори маош олмоқда. Замонавий методикани жорий қилаётган, олимпиада ғолибларини тайёрлаётган устозларнинг меҳнати рағбатлантирилмоқда.
Янги форматда ўтказилган «Йил ўқитувчиси» танловининг 208 нафар туман ва шаҳар ғолибига илк бор 616 миллион сўмдан мукофот берилди. Президентимиз бундай эътироф янада кўпроқ муаллимларни юксак марраларга интилишга ундашини таъкидлади.
Келаси йилдан танловни 14 та ҳудуддаги боғча тарбиячилари ва техникум усталари ўртасида ҳам ўтказиш, уларни мукофотлаш таклиф қилинди.
ЎзА