Таълимда психологик фаровонлик — барқарор тараққиёт омили
Навоий шаҳридаги 16-умумтаълим мактабида Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда Таълимни ривожлантириш республика илмий-методик маркази ҳамкорлигида “Таълимда психологик фаровонликни бирга яратамиз” шиори остида таълим ташкилотлари психологлари учун ўқув семинари ташкил этилди.
Семинар аввалида таъкидланганидек, бугунги кунда таълим тизимида соғлом психологик муҳитни шакллантириш, ўқувчилар, педагоглар ва ота-оналарни психологик жиҳатдан қўллаб-қувватлаш муҳим вазифалардан бири ҳисобланади. Мазкур семинар ҳам айнан шу мақсадга қаратилди.

Семинар доирасида “Проектив методикалар ва уларни қўллаш амалиёти (Луи Дюсс тести)” мавзусида амалий машғулотлар ўтказилиб, иштирокчиларга ушбу методиканинг таълим жараёнидаги аҳамияти, ўқувчиларнинг ички кечинмаларини аниқлашдаги самарадорлиги ҳақида атрофлича маълумотлар берилди.

- Тадбир давомида ҳудудларда фаолият олиб бораётган психологлар, профессор-ўқитувчилар ўзаро тажриба алмашиб, таълим жараёни иштирокчиларини психологик қўллаб-қувватлаш бўйича замонавий ёндашувларни муҳокама қилди, - дейди Навоий шаҳридаги 7-давлат мактабгача таълим ташкилоти психологи Мунира Шодмонова.

- Шунингдек, тадбиримизда таълим муассасаларида буллинг ҳолатларининг олдини олиш, суицид хавфини камайтириш, вояга етмаганлар ўртасида жиноятчиликка қарши профилактик ишлар олиб бориш, педагог кадрлар орасида зўравонликка мойилликни барвақт аниқлаш ва уларга психологик ёрдам кўрсатиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Семинарда интерактив усуллар, симулятор ва кейслар орқали ўқитувчиларнинг касбий сўнишнинг олдини олиш, стрессга бардошлиликни ошириш бўйича амалий кўникмалар шакллантирилди.

Тадбир якунида иштирокчиларга махсус сертификатлар топширилди.
А.Бўриев, ЎзА