ШҲТ МАТТ Кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди
Бугун Тошкент шаҳрида Покистон Ислом Республикаси раислигида Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Минтақавий аксилтеррор тузилмаси (ШҲТ МАТТ) Кенгашининг 45-йиғилиши бўлиб ўтди.
Йиғилиш ишида ШҲТга аъзо давлатлар – Беларусь, Ҳиндистон, Эрон, Қозоғистон, Хитой, Қирғизистон, Покистон, Россия, Тожикистон ва Ўзбекистоннинг тегишли идоралари делегациялари, ШҲТ МАТТ Ижроия қўмитаси вакиллари, шунингдек фахрий меҳмон сифатида ШҲТ Бош котибининг ўринбосари Ботир Турсунов иштирок этди.
Тадбирда минтақавий хавфсизликни таъминлаш нуқтаи назаридан халқаро кун тартибидаги асосий масалалар муҳокама қилиниб, ШҲТ Давлат раҳбарлари кенгашига кўриб чиқиш учун тақдим этилиши кўзда тутилган ШҲТ МАТТнинг 2025 йилдаги фаолияти тўғрисидаги қатор ҳисобот ҳужжатлари келишиб олинди.
Йиғилишда Яқин Шарқдаги вазиятга алоҳида эътибор қаратилди. ШҲТ МАТТ Кенгаши минтақадаги ҳолат, шу жумладан Эрон ҳудудига ҳарбий зарбалар берилганидан жиддий хавотирдалигини билдириб, куч ишлатишга йўл қўйиб бўлмаслигини таъкидлади. Иштирокчилар зиддиятларни фақат тинч йўл билан, мулоқот, ўзаро ҳурмат, халқаро ҳуқуқ меъёрлари ва БМТ Низомига риоя қилиш асосида ҳал этиш тарафдори эканликларини қайд этди. Эроннинг суверенитети, хавфсизлиги ва ҳудудий яхлитлигини таъминлаш муҳимлиги ҳамда барча томонлар вазминлик кўрсатиши зарурлиги таъкидланди.
Кенгаш ҳалок бўлганларнинг оила аъзоларига ҳамдардлик билдириб, ШҲТга аъзо давлатларнинг ваколатли идораларини обрўсизлантиришга қаратилган уринишларга йўл қўйиб бўлмаслигини алоҳида қайд этди.
Йиғилиш давомида Афғонистон ва Сурия ҳудудларида халқаро террорчилик ташкилотлари фаоллиги сақланиб қолаётгани сабабли терроризм, сепаратизм ва экстремизм таҳдидлари ўзгариб бораётгани таъкидланди. Шу боис, биргаликдаги саъй-ҳаракатларни янада кучайтириш ва хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорлик механизмларини такомиллаштириш зарурлиги айтилди.
Илгари қабул қилинган қарорлар ижроси, махсус эксперт гуруҳларининг 2025 йилдаги фаолияти якунлари ҳамда ШҲТга аъзо давлатларнинг 2025-2027 йилларга мўлжалланган терроризм, сепаратизм ва экстремизмга қарши курашиш бўйича ҳамкорлик дастурининг бажарилиши кўриб чиқилди. 2025 йилда ўтказилган қўшма аксилтеррор ўқув машғулотлари ва ахборот операциялари натижалари маъқулланди.
2026 йилда Покистон Ислом Республикасида ШҲТга аъзо давлатлар ваколатли идоралари чегара хизматлари раҳбарларининг ўн иккинчи йиғилишини, Беларусь Республикасида ШҲТга аъзо ва кузатувчи давлатларнинг терроризм, сепаратизм ва экстремизмга қарши курашиш соҳасидаги ҳамкорлигига бағишланган 12-халқаро илмий-амалий анжуманни, Хитой Халқ Республикасида ШҲТга аъзо давлатлар ваколатли идораларининг Интернет тармоғидан террорчилик, сепаратизм ва экстремизм мақсадларида фойдаланиш ҳолатларини аниқлаш ва уларга чек қўйиш бўйича қўшма аксилтеррор машғулотларини, Ҳиндистон Республикасида ШҲТга аъзо давлатлар ваколатли идоралари учун Интернет тармоғидан террорчилик, сепаратизм ва экстремизм мақсадларида фойдаланишга қарши курашиш бўйича амалий семинар, шунингдек глобал ахборот маконида, шу жумладан, ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда ШҲТга аъзо давлатларнинг давлат тузумини ўзгартиришни кўзлаган террорчилик, сепаратизм ва экстремизм ташкилотларини обрўсизлантириш бўйича қўшма ахборот операциясини, 2027 йилда эса Қозоғистон Республикасида ШҲТга аъзо давлатлар ваколатли идораларининг қўшма аксилтеррор машғулотларини ўтказиш бўйича келишувларга эришилди.
[gallery-28530]
ШҲТ МАТТ Ижроия қўмитаси фаолиятинининг ташкилий масалалари кўриб чиқилди. Тузилма фаолиятини ривожлантириш ҳамда ШҲТга аъзо давлатлар ваколатли идоралари ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга қўшган шахсий ҳиссаси учун ташкилотга аъзо давлатлар ваколатли идоралари ва МАТТ Ижроия қўмитасининг бир гуруҳ масъуллари мукофотланди.
Конструктив руҳда ўтган йиғилишда ШҲТ МАТТ Ижроия қўмитаси фаолиятига ижобий баҳо берилди.
Тузилма Кенгашининг навбатдаги йиғилишини 2026 йил сентябрь ойида Покистонда ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилинди.
Азиза Алимова, Носиржон Ҳайдаров (сурат), ЎзА