Таълим сифатини оширишга имконият ва салоҳият етарли
Самарқандда “Сифатли таълим – Янги Ўзбекистон тараққиётининг мустаҳкам пойдевори” шиори остида бешинчи “Устозлар миллий форуми” ўтказилди.
Форумда Самарқанд вилояти ҳокими А. Бобоев, Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университети ректори Р. Холмуродов, вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи Р. Йўлдошевлар сўзга чиқишиб, вилоят таълим тизимидаги янгилик ва ўзгаришлар, эришилган натижалар ҳамда янги ўқув йилида амалга оширилиши лозим бўлган масалаларга эътибор қаратдилар.

Айни пайтда вилоятда 1278 та умумий ўрта таълим мактаби, 57 та нодавлат мактаб, 20 та ихтисослаштирилган мактаб ҳамда Президент мактаби мавжуд. Мактабгача таълим тизимида эса 4303 та ташкилот фаолият кўрсатмоқда. Улар орасида давлат ва нодавлат боғчалар, давлат-хусусий шериклик асосидаги муассасалар, оилавий боғчалар ҳамда Илк ривожланиш марказлари бор. Вилоятда 281 мингдан ортиқ бола мактабгача таълим билан қамраб олинган ва қамров даражаси 68,6 фоизни ташкил этмоқда. Бу йил 922,2 миллиард сўм маблағ эвазига 138 та мактаб, 66 та боғчада қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилмоқда. Бунинг натижасида мактабларда 33,4 мингта, мактабгача таълим ташкилотларида 5,3 мингта қўшимча ўрин пайдо бўлади. Маҳаллий бюджетдан ажратилган маблағлар ҳисобига 100 га яқин мактаблар жорий таъмирланди ва 400 га яқин мактабга ўқув ва спорт жиҳозлари олиб берилди. Бундан ташқари, 41 та мактабда ҳомийлар томонидан 34 миллиард сўмдан ортиқ маблағлар ҳисобига қўшимча таъмирлаш ишлари амалга оширилди.

– Юртимизда таълим соҳасига, ўқувчи-ёшларнинг сифатли таълим-тарбия олишига қаратилаётган эътибор туфайли самарқандлик ёшлар ҳам билим ва салоҳиятини ошириб, юқори натижаларга эришмоқда, – деди вилоят ҳокими А.Бобоев. – Жорий йил мактаб битирувчиларимизнинг 2 минг нафарга яқини миллий ва 1,5 минг нафардан ортиғи халқаро сертификатларга эга бўлишди. Жумладан, битирувчиларнинг 171 нафари 5 тадан ортиқ, 432 нафари 4 тадан, 894 нафари 3 тадан миллий сертификатга эга бўлишди. Асосий фан олимпиадасининг республика босқичида 7 нафар ўқувчимиз муносиб иштирок этиб, 3 та олтин, 1 та кумуш ва 3 та бронза медалларни қўлга киритди ва Самарқанд вилояти жамоаси республика бўйича умумжамоа ҳисобида учинчи ўринга сазовор бўлди. Мактаб битирувчиларининг олий таълим муассасаларига ўқишга кириш кўрсаткичи ҳам аввалги йилларга нисбатан ошиб, 13 минг 499 нафар ўғил-қизларимиз (битирувчиларнинг 26 фоизи) олий ўқув юртлари талабаси бўлди. Лекин мавжуд имконият ва салоҳиятдан самарали фойдаланиб, бу кўрсаткичларни яна ҳам оширишимиз мумкин. Чунки мактаб ва боғчалар сони бўйича вилоятимиз республикада энг катта ҳудуд ҳисобланади, 5 минг дан ортиқ муассасамиз бор. Уларда 72 мингдан ортиқ ўқитувчи ва тарбиячилар фаолият юритишмоқда. Янги ўқув йилида уларнинг барчасини сифатли таълимни амалга оширишга йўналтирамиз ва Самарқанд вилоятини намунали ҳудудга айлантирамиз, бунга салоҳиятимиз ҳам, кучимиз ҳам етади.


Форумда вилоятдаги мактабларнинг фаол ва ташаббускор ўқитувчилари вилоят ҳокимлигининг ташаккурнома ва қимматбаҳо совғалари билан тақдирланишди.
Устозлар миллий форуми иштирокчилари 9 йўналиш бўйича шуъба йиғилишларида янги ўқув йилида педагоглар олдида турган вазифалар, янги дарс услублари, замонавий технологиялардан фойдаланиш ва бошқа масалалар юзасидан ўзаро фикр алмашдилар.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири