Талабалар Корея собиқ ташқи ишлар вазири билан учрашди
Тошкент давлат шарқшунослик университетида Корея Республикаси Парламенти аъзоси, собиқ Ташқи ишлар вазири жаноб Пак Жин билан учрашув ва очиқ маъруза ташкил этилди.
Тадбирда университет профессор-ўқитувчилари, талабалар ҳамда халқаро муносабатлар йўналишида таҳсил олаётган ёшлар фаол иштирок этди. Жаноб Пак Жин глобал дипломатия, Корея Республикасининг ташқи сиёсати ҳамда Ўзбекистон–Корея ҳамкорлик алоқаларининг бугунги ривожланиш босқичлари ҳақида батафсил фикр юритди.

Маъруза давомида Корея ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорликни “рақамли Ипак йўли” асосида ривожлантириш ғояси илгари сурилди. Сунъий интеллект, илм-фан ва технологиялар келажак тараққиётининг асосий омилига айланаётгани алоҳида таъкидланди.

Шунингдек, Самарқанд ва Бухоронинг тарихий Ипак йўли мероси эканлиги, “алгоритм” атамаси буюк аллома Ал-Хоразмий номидан келиб чиққани қайд этилди.
Сунъий интеллект (AI) бўйича қўшма тадқиқотлар, стартаплар, киберхавфсизлик ва “smart city” (ақлли шаҳар) лойиҳалари бўйича ҳамкорликни кенгайтириш юзасидан қатор таклифлар билдирилди.
Маъруза якунида меҳмон талабалар билан мулоқотдан жуда мамнун бўлганини, ёшларнинг билим ва дунёқараши юқори эканини алоҳида эътироф этди.
– Ўзбекистонга ҳар сафар келсам, албатта ТДШУ талабаларига маъруза ўқимай кетмайман. Сизлар билан, ёшлар билан суҳбатлашаман. Мен Шарқшунослик университети оиласининг бир аъзосиман, — деди Пак Жин.
– Учрашув давомида икки томонлама академик ҳамкорликни кенгайтириш, талаба ва профессор-ўқитувчилар алмашинувини ривожлантириш ҳамда қўшма илмий лойиҳаларни амалга ошириш масалалари ҳам муҳокама қилинди. Суҳбат жараёни ниҳоятда самимий ва мазмунли кечди. Жаноб Пак Жин ўз фаолияти ва ҳаётий мисоли орқали инсон доимо изланишда бўлиши, илмий ва интеллектуал салоҳиятини умр бўйи ривожлантириб бориши кераклигини яна бир бор кўрсатиб берди, – дейди Университет матбуот хизмати бошлиғи Муқаддасхон Тайланова.
Моҳигул Қосимова,
ЎзА