Нурли масканда “Сўнгги қўнғироқ” садолари жаранглади
Гулистон туманидаги таълим масканларида бугун яна бир ўқув йили тарихга айланди. Қалбларни ҳаяжонга солган “Сўнгги қўнғироқ” садолари юзлаб ўқувчиларни мустақил ҳаёт сари кузатар экан, айниқса, 11-сонли кўзи ожизлар учун ихтисослаштирилган “Нурли маскан” мактаб-интернатида бўлиб ўтган тадбир иштирокчилар қалбида унутилмас таассурот қолдирди.
Мазкур байрам байрам тадбирида Гулистон тумани ҳокими Олимжон Жўраев ҳамда Ижтимоий ҳимоя агентлиги вилоят бошқармаси бошлиғи Қувончбек Ҳамдамовлар иштирок этишди. Меҳмонлар битирувчиларни ҳаётларидаги муҳим босқич билан табриклаб, илм олиш, изланиш ва орзу сари интилиш инсонни юксак марраларга етаклашини таъкидлашди.

Тадбир давомида мактабнинг фаол, иқтидорли ва аъло баҳоларга ўқиган ўқувчилари муносиб тақдирланди. Шунингдек, фарзанд тарбиясига масъулият билан ёндашиб, таълим муассасаси билан ҳамкорликни мустаҳкамлаган ота-оналарга “Энг фаол ота”, “Жонкуяр она”, “Масъулиятли ота-она” каби номинациялар бўйича “Миннатдорчилик хат”лари топширилди. Бу эътирофлар тадбирга янада самимий руҳ бағишлади.

Айниқса, битирувчиларнинг сўзлари йиғилганларни тўлқинлантирди. Улар давлатимиз томонидан яратилган имкониятлар, устозларининг меҳри ва меҳнати учун миннатдорлик билдириб, келгусида Ватанга муносиб фарзанд бўлишга ваъда беришди. Ватан, мактаб ва эзгу орзулар ҳақида янграган шеърлар, куй-қўшиқлар байрамга ўзгача файз бағишлади.

– Ўтаётган 2025–2026 ўқув йили бизнинг ўқувчиларимиз учун ҳам қувончли, ҳам муваффақиятларга бой келди. Самарқанд шаҳридаги кўзи ожиз ва заиф кўрувчи болалар учун ихтисослаштирилган мактаб-интернатида “Нурли маскан” мактаб-интернатлари ўқувчилари ўртасида асосий фанлар бўйича ўтказилган республика олимпиадасида ўқувчиларимиз муносиб иштирок этишди. Хусусан, 11-синф ўқувчиси Шаҳзода Мамасолиева рус тили ва адабиёти фанидан, Сурайё Кўчарова эса она тили ва адабиёти фанидан фахрли 1-ўринни қўлга киритиб, Сирдарё вилояти шарафини муносиб ҳимоя қилди.
Бу ютуқлар, аввало, ўқувчиларнинг тиришқоқлиги, билимга чанқоқлиги ва устозларнинг меҳнати самарасидир. Энг муҳими, ёшларда ўз кучига бўлган ишонч мустаҳкамланиб, янада юксак марраларни забт этишга интилиш пайдо бўлди, – дейди Сирдарёдаги “Нурли маскан” ихтисослаштирилган мактаб-интернати директори Нигора Баликова.
Энг муҳими, бугун республикамизнинг барча ҳудудларида бўлгани каби Гулистон туманидаги умумтаълим мактабларида ҳам “Сўнгги қўнғироқ” тадбирлари кўтаринки кайфиятда ўтказилди. Қувонч ва ҳаяжон, айрилиқ ва орзулар уйғунлашган ушбу лаҳзалар битирувчилар хотирасида умрбод сақланиб қолиши шубҳасиз.
Ғулом Примов, Умид Обиджонов (сурат) ЎзА