Талаб бор жойда таназзул бўлмайди
Бугунги кунда Ўзбекистонда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш нафақат иқтисодий кўрсаткичларни яхшилаш, балки аҳолининг турмуш даражасини юксалтиришнинг ҳам бош омилига айланди.
Бозор иқтисодиёти шароитида муваффақият қозонишнинг энг муҳим шарти эса — жамиятдаги ўзгаришларни тезкор илғаш ва маҳсулотга бўлган ижтимоий эҳтиёжни тўғри баҳолай олишдир. Мамлакатимизнинг энг чекка ҳудудларида ҳам тадбиркорликка янгича маданий қараш шаклланаётгани бу фикрни яққол тасдиқламоқда.

Илгари Фарғона вилоятининг Бешариқ туманида гулчилик орқали юқори даромад олиш мумкинлигига шубҳа билан қараларди. Боиси, аҳолининг кундалик ташвишлари устувор бўлиб, нафосат ва эстетикага бўлган талаб иккинчи даражада эди. Бироқ юртимиздаги тинчлик-осойишталик, халқимиз фаровонлигининг изчил ошиши ва барча ҳудудларда амалга оширилаётган кенг кўламли ободонлаштириш ишлари бу соҳага бўлган муносабатни тубдан ўзгартирди.
Туманнинг “Кулолобод” маҳалласида истиқомат қилувчи тадбиркор Шуҳратжон Хўжақулов ана шу ўзгаришларни ва бозор конъюнктурасини тезкор таҳлил қила олди. У маҳаллий ҳокимлик кўмагида 1 гектар майдонда гулчилик хўжалигини ташкил этди. Шундан 50 сотихида барпо этилган замонавий иссиқхона маҳсулот етиштириш имкониятларини кенгайтириб, йил давомида сифатли гулларни бозорга чиқариш имконини берди.

Ҳозирда хўжалик маҳсулотлари нафақат ички бозорда, балки республиканинг барча вилоятлари ҳамда қўшни Тожикистон Республикасидан келаётган харидорлар орасида ҳам юқори нуфузга эга. Тадбиркорнинг йиллик соф даромади қарийб 700 миллион сўмни ташкил этмоқда.
Хулоса ўрнида айтиш жоизки, бешариқлик тадбиркорнинг тажрибаси “маҳаллабай” ишлаш тизими доирасида оилавий тадбиркорликни қандай қилиб йирик бизнесга айлантириш мумкинлигига ёрқин мисол бўла олади. Шуҳратжон Хўжақуловнинг келгусидаги режалари янада салмоқли: у нафақат иссиқхона майдонларини кенгайтириш, балки туманда ўзига хос “гулчилик мактаби”ни яратишни мақсад қилган. Бу эса ҳудуддаги юзлаб ёшларни иш билан таъминлаш, соҳани илмий асосда ривожлантириш ва келгусида гулчиликни туманнинг ўзига хос “драйвери” га айлантириш йўлидаги муҳим қадамдир. Зеро, эҳтиёж асосида қурилган бизнес ҳеч қачон инқирозга юз тутмайди.
Муҳаммаджон Обидов,
ЎзА