Муаммоларга ечим топилмоқда
Мамлакатимизда сўнгги йилларда инсон қадрини улуғлаш, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш ва адолатли жамият барпо этишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар изчил амалга оширилмоқда. Конституцияда мустаҳкамлаб қўйилганидек, Ўзбекистон ижтимоий давлат сифатида фуқаролар фаровонлигини таъминлаш, эҳтиёжманд қатламларни қўллаб-қувватлаш ва жамиятда меҳр-оқибат муҳитини кучайтиришни устувор вазифа деб билади.
Фуқаролик жамияти институтлари томонидан олис ҳудудлардаги аҳоли муаммолари ҳам ўрганиб уларга амалий ечимлар топилмоқда.
Президентимиз ташаббуси билан бошланган ёрдамга муҳтож аҳолини қўллаб-қувватлашга қаратилган эзгу ишларни амалга ошириш бўйича берилган топшириқнинг ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан молиявий ёрдам асосида “Юксалиш” ҳаракати Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бўлими томонидан олис 3 та ҳудуд аҳолисини тоза ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида сув филтрлари топширилди.

Жумладан, Тахтакўпир тумани “Қоратеран” овул фуқаролар йиғини ҳудудидаги 12-сонли, Қораўзак тумани “Қораўзак” овул фуқаролар йиғини ҳудудидаги 25-сонли, Қонликўл тумани “Жайҳун” овул фуқаролар йиғини ҳудудидаги 6-сонли умумтаълим мактабларига, ушбу ҳудудларда яшовчи 5 минг нафардан ортиқ аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида сув филтрлари ўрнатиб берилди.

Ушбу муаммонинг ўта долзарблиги инобатга олиниб, мазкур 3 та овулни тоза ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида 110 миллион сўм маблағ ажратилиши таъминланди. Бу нафақат ҳудуд аҳолиси учун қулайлик яратади, балки уларнинг ҳаёт сифати ва санитария шароитларини яхшилашга хизмат қилади.
Халқ манфаатларини ҳимоя қилиш, жойлардаги долзарб муаммоларни ўз вақтида аниқлаб, уларга амалий ечим топишда давлат ташкилотлари билан бир қаторда фуқаролик жамияти институтлари фаолиятида ҳам муҳим аҳамият касб этади.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.