Тадбиркорлик субъектига қўлланилган 123 миллион сўм жарима бекор қилинди
Қашқадарё вилоятида фаолият юритаётган “K.S.” МЧЖ раҳбари қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида Бизнес омбудсманга мурожаат қилди.
Аниқланишича, Қашқадарё вилоят транспорт бошқармаси томонидан жамият гўёки автомобиль транспортида йўловчиларни ташиш фаолиятини лицензиясиз амалга оширганликда айбланиб, БҲМнинг 300 баравари – 123 миллион сўм миқдорида жарима қўлланилган. Ваҳоланки, тадбиркорда чекланмаган муддатга берилган амалдаги лицензия мавжуд бўлган.
Шу сабабли Бизнес-омбудсман томонидан мазкур жарима тўғрисидаги қарорни ҳақиқий эмас деб топиш юзасидан Қарши туманлараро маъмурий судига ариза киритилди. Суд аризани қаноатлантириб, 123 миллион сўмлик жарима қўллаш ҳақидаги қарорни ҳақиқий эмас, деб топди.
Бундан ташқари, вилоят транспорт бошқармаси МЧЖ лицензиясини бутунлай бекор қилиш талаби билан судга мурожаат қилган. Низога жамиятга тегишли икки дона “Дамас” автомашинасининг лицензия варақалари муддати ўтгани сабаб қилиб кўрсатилган.
Бироқ ўрганишлар давомида лицензия варақасини янгилаш вақтида Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги базаси янги серверга кўчирилаётгани, техник носозликлар туфайли my.gov.uz орқали ариза топшириш имкони бўлмагани аниқланди. Бу ҳолат вазирликнинг расмий хабарлари билан тасдиқланган. Тадбиркор тизим қайта тикланиши билан белгиланган муддатдан аввал барча камчиликларни бартараф этиб, лицензия варақаларини олган.
Шунингдек, Транспорт назорати инспекцияси ҳудудий бўлими томонидан берилган ёзма кўрсатмада камчиликларни бартараф этиш учун 2025 йил 18 ноябргача муддат белгиланган. Тадбиркор ушбу талабни 2025 йил 10 ноябрнинг ўзидаёқ бажарган бўлишига қарамай, орадан беш ой ўтиб транспорт бошқармаси лицензияни бекор қилиш учун судга даъво киритган.
Қарши туманлараро иқтисодий судида кўриб чиқилган суд жараёнида Бизнес-омбудсман девони ходими томонидан тақдим этилган далиллар асосида судья Ж.Ибрагимов бошқарманинг аризасини рад этиш ҳақида адолатли қарор чиқарди.
Мазкур ҳолат тадбиркорларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, асоссиз жарималар ҳамда ноқонуний чекловларнинг олдини олишда Бизнес-омбудсман институтининг муҳим ўрин тутаётганини яна бир бор кўрсатди.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири