Фарғона водийси нафақат юртимиз, балки минтақа тараққиётининг етакчи марказларидан бирига айланади
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Фарғона вилоятига ташрифи давомида ҳудудда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, бунёдкорлик ишлари ва замонавий лойиҳалар билан танишди. Буларнинг барчаси юртимиз тараққиётининг янги босқичга кўтарилгани яққол намоён қилди.
Олий Мажлис Сенати аъзоси Гулнора Маруфова шу ҳақда муносабат билдирди:
– Шуни таъкидлашни истардимки, ушбу ўзгаришлар марказида, аввало, инсон манфаатлари, аҳоли фаровонлиги турибди.
Яқинда йўлга қўйилган янги электропоезд қатнови – Қўқон, Наманган, Андижон ва Марғилон шаҳарларини боғловчи темир йўл ҳалқасининг ишга туширилиши бунинг яққол намунасидир.
Мазкур лойиҳа аҳолига қулай, хавфсиз ва арзон транспорт хизматини тақдим этиш билан бирга, ҳудудлар ўртасидаги иқтисодий ва ижтимоий алоқаларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади. Айниқса, чипта нархининг ҳамёнбоплиги ва замонавий қулайликларнинг жорий этилгани оддий фуқаролар учун катта имкониятдир.
Давлатимиз раҳбарининг ушбу йўналишдаги илк қатновда бевосита иштирок этгани халқ билан яқинлик, очиқлик ва ислоҳотларнинг амалий натижаларини жойида кўришга бўлган юксак эътибор ифодасидир.
Шу билан бирга, саноат соҳасида амалга оширилаётган ишлар ҳам таҳсинга сазовор. Қувасой шаҳридаги “Crown Ceramic” қўшма корхонаси мисолида маҳаллий хомашёни чуқур қайта ишлаш, юқори қўшилган қиймат яратиш ва экспортбоп маҳсулот ишлаб чиқариш йўлидаги саъй-ҳаракатларни алоҳида қайд этиш жоиз. Замонавий технологиялар, экологик талабларга мос ишлаб чиқариш ва энергия тежамкор ечимлар бугунги саноат тараққиётининг асосий мезонига айланмоқда.
Қишлоқ хўжалигида ҳам мутлақо янги ёндашувлар жорий этилмоқда. Қува туманидаги “Quva Agrostar” мажмуаси ва агровольтаика технологиялари асосида ташкил этилган агросаноат лойиҳалари фермер ва деҳқонлар даромадини ошириш, ресурслардан самарали фойдаланиш ҳамда экспорт салоҳиятини кенгайтиришга хизмат қилмоқда. Бу каби инновацион ечимлар нафақат иқтисодий, балки экологик барқарорликни таъминлашда ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Туризм соҳасида амалга оширилаётган йирик лойиҳалар ҳам Фарғонанинг салоҳиятини янада очиб бермоқда. Жумладан, Каркидон сув омбори ҳудудида барпо этилаётган замонавий туризм мажмуаси ҳудудни нафақат мамлакатимиз, балки бутун минтақа миқёсидаги жозибадор масканга айлантириши кутилмоқда. Бу эса янги иш ўринлари яратиш, хизматлар соҳасини ривожлантириш ва аҳоли даромадини оширишда муҳим омил бўлади.
Маънавий-маърифий йўналишдаги ишлар ҳам алоҳида эътиборга лойиқ. Марғилон шаҳрида барпо этилган “Burhoniddin Margʻinoniy” илмий-маърифий ва туризм мажмуаси халқимизнинг бой тарихий меросини ўрганиш ва тарғиб этиш, ёш авлодни илм-фан ва маърифатга йўналтиришда беқиёс аҳамият касб этади. Бу каби мажмуалар миллий ўзликни англаш, маънавий қадриятларни мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Ёшлар масаласига қаратилаётган эътибор ҳам диққатга сазовор. Замонавий техникумлар, стартап марказлари ва дуал таълим тизимининг жорий этилиши ёшларнинг амалий билим ва кўникмаларини ошириш, уларни меҳнат бозори талабларига мос мутахассис этиб тайёрлаш имконини бермоқда. Бу эса мамлакатимиз келажаги учун мустаҳкам пойдевор демакдир.
Шунингдек, спорт соҳасида, хусусан, футбол инфратузилмасини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳам ёш авлодни соғлом турмуш тарзига жалб этишда муҳим ўрин тутади. “Нефтчи” болалар футбол академияси мисолида ёш иқтидорларни қўллаб-қувватлаш ва уларни халқаро майдонларга олиб чиқиш учун зарур шароитлар яратилмоқда.
Хулоса қилиб айтганда, бугун Фарғона водийсида амалга оширилаётган ҳар бир лойиҳа, ҳар бир ислоҳот инсон манфаатларини таъминлаш, иқтисодий барқарорликни мустаҳкамлаш ва мамлакатимизнинг халқаро нуфузини оширишга қаратилган.
Ишончим комилки, бундай кенг кўламли ва тизимли ишлар натижасида Фарғона водийси нафақат юртимизнинг, балки бутун минтақа тараққиётининг етакчи марказларидан бирига айланади.
Н.Абдураимова, ЎзА