Тадбиркор муаммосига амалий ечим
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг топшириғига мувофиқ, банк соҳаси мутасаддилари тадбиркорларни ўйлантираётган муаммо ва долзарб масалаларни жойларга чиққан ҳолда ўрганиб, таҳлил қилмоқда ҳамда уларни ҳал этиш бўйича амалий чоралар кўрмоқда.
Айни жараёнларда “Ўзмиллийбанк” акциядорлик жамияти банк хизматлари кўрсатиш марказлари масъуллари ҳам ҳудудлардаги тадбиркорлар билан учрашиб, уларни қийнаётган масалаларни ўрганиш ва самарали ечим топиш борасида фаол иш олиб бормоқда. Зарур ҳолларда масъул ташкилотлар билан ҳамкорликда муаммоларни комплекс ёндашув асосида тизимли ҳал этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Тадбиркор Беҳзод Абдулатипов ўз фаолиятини 2016 йилда 18 нафар ходим билан бошлаган. Муассаса онкологик касалликларни эрта аниқлаш, тўғри ташҳис қўйиш ва самарали даволаш бўйича аҳолига тиббий хизмат кўрсатиб келмоқда.
Бугунги кунда муассасада 70 нафар ходим меҳнат қилмоқда. Мамлакатимизда яратилаётган имкониятлардан руҳланган тадбиркор фаолиятини янада кенгайтириш мақсадида 12 қаватли янги бино барпо этди. Бироқ муассасани замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш учун зарур маблағнинг етишмаслиги унинг олдида турган асосий муаммолардан бири эди.

Банк ходимларининг тадбиркор ҳузурига ташрифи унга янги куч ва ишонч бағишлади. У муассасани энг сўнгги технологияларга асосланган замонавий тиббий жиҳозлар билан таъминлаш учун молиявий кўмак сўради.
Банк мутахассислари лойиҳани ҳар томонлама ўрганиб чиқди. Тадбиркор сўраган кредит маблағи, унинг қайтариш имкониятлари ва бизнес-режаси батафсил таҳлил қилинди. Тадбиркорнинг мақсади аниқ, режалари эса пухта экани маълум бўлди.
— Юандаги кредит фоиз ставкалари айрим валюталарга нисбатан пастроқ, — дейди тадбиркор Беҳзод Абдулатипов. — Шу боис маблағнинг бир қисмини юанда жалб қилиб, Хитойдан келтириладиган жиҳозлар учун тўловларни шу валютада амалга оширишни, қолган қисмини эса бошқа давлатлардан харид қилинадиган ускуналар учун конвертация қилишни таклиф этдим.
Банк масъуллари импорт шартномаларини ҳам атрофлича ўрганди.
Тадбиркорнинг таъкидлашича, биринчи тўлов амалга оширилганидан сўнг ускуналарни ишлаб чиқариш учун тахминан 60 кун вақт талаб этилади. Кейин эса уларни Тошкентга етказиб келиш учун яна бир ойча муддат керак бўлади.
Банк ходимлари шартномалар бўйича графикларни тайёрлаш ва лойиҳани босқичма-босқич амалга ошириш юзасидан амалий таклифлар берди.
Тадбиркорнинг фикрича, янги лойиҳа тўлиқ амалга оширилса, муассасадаги иш ўринлари сони 500 нафарга етиши мумкин.
— Очиғини айтсам, банк ходимлари билан бўлган бу мулоқотдан жуда мамнун бўлдим, — дейди Беҳзод Абдулатипов. — Улар доим фаолиятимиз билан қизиқиб турадилар. Янги бино қурдик, аммо уни тўлиқ жиҳозлаш учун қўшимча маблағ зарур эди. Шу масалада банк мутахассислари билан барча ҳисоб-китобларни муҳокама қилдик. Муаммомиз ижобий ҳал этилишига ишончим комил. Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш борасида яратилаётган имкониятлар учун давлатимиз раҳбарига миннатдорлик билдираман.
Маълумки, онкологик касалликларни даволашда эрта ташҳис ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Замонавий тиббиёт технологиялари бунинг учун кенг имкониятлар яратмоқда. Агар мазкур муассаса замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан тўлиқ жиҳозланса, у минглаб беморлар учун умид масканига айланади. Шу билан бирга, фуқароларнинг қиммат тиббий хизматлар учун хорижга чиқиш эҳтиёжи ҳам камаяди.
Банк ходимлари лойиҳанинг барча жиҳатларини ўрганиб чиқиб, тадбиркорга амалий кўмак бериш бўйича келишувга эришди.
— Тадбиркорнинг мурожаати асосида лойиҳани чуқур таҳлил қилдик, — дейди “Ўзмиллийбанк” акциядорлик жамияти Олмазор тумани банк хизматлари кўрсатиш маркази бошқарувчиси Сардор Акромов. — Ўрганиш жараёнида замонавий тиббий асбоб-ускуналар харид қилиш зарурати аниқланди. Айни пайтда тегишли ҳужжатларни расмийлаштириш ишлари бошланган бўлиб, тадбиркор сўраган маблағни ажратиш бўйича амалий ёрдам кўрсатамиз.

Эътиборли жиҳати шундаки, масъулларнинг жойларда муаммоларни ўрганиб, уларга тезкор ва самарали ечим топиши иқтисодиёт тармоқларининг ривожланиши, аҳоли фаровонлиги ҳамда мамлакат тараққиёти учун муҳим омил бўлиб хизмат қилади.
Н.Усмонова,
ЎзА мухбири