Табиий газдан ноқонуний фойдаланиш аниқланди
Энергия ресурсларидан оқилона ва самарали фойдаланиш, уларнинг талон-торож қилинишига йўл қўймаслик бугунги куннинг долзарб вазифаларидан биридир. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан энергетика соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар ҳам айнан ресурслардан тежамкорлик билан фойдаланиш, таъминот барқарорлигини таъминлаш ва ҳар бир истеъмолчининг масъулиятини оширишга қаратилган.
Шу мақсадда республика бўйлаб табиий газдан ноқонуний фойдаланиш ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олишга қаратилган назорат тадбирлари изчил давом эттирилмоқда.
“Ҳудудгаз Бухоро” газ таъминоти филиали комплаенс назорат тузилмалари томонидан Ғиждувон туманида ўтказилган текширув давомида жиддий қоидабузарлик аниқланди.
Маълум бўлишича, тумандаги “Барака” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи А.С. ўз хонадонида табиий газдан тижорат мақсадида фойдаланиб, қум ювиш фаолиятини йўлга қўйган. Бироқ бу жараёнда газдан белгиланган тартиб ва талабларга зид равишда фойдаланилган.
Ҳолат юзасидан тегишли далолатнома расмийлаштирилиб, ноқонуний сарфланган табиий газ ҳажми қайта ҳисоб-китоб қилинди. Натижада етказилган зарар миқдори 262 миллион 310 минг сўмни ташкил этди. Айни пайтда тўпланган ҳужжатлар ҳолатга ҳуқуқий баҳо бериш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилган.
Мазкур ҳолат энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланиш нафақат иқтисодий зарар, балки аҳоли ва қонуний фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектлари манфаатларига ҳам салбий таъсир кўрсатишини англатади. Зеро, табиий газ — чекланган ва муҳим стратегик ресурс. Ундан белгиланган меъёрлар асосида, оқилона фойдаланиш ҳар бир истеъмолчининг бурчи ҳисобланади.
Шу боис бундай қоидабузарликларни аниқлаш, уларнинг олдини олиш ва ресурслар талон-торожига қарши курашишга қаратилган назорат тадбирлари нафақат соҳадаги тартиб-интизомни мустаҳкамлаш, балки энергетика хавфсизлигини таъминлашга ҳам хизмат қилади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири