Ўзбекистоннинг болаларни зўравонликдан ҳимоя қилиш борасидаги тажрибаси халқаро майдонда эътироф этилди
Филиппин пойтахти Манила шаҳрида болаларга нисбатан зўравонликка барҳам бериш бўйича Иккинчи глобал вазирлар конференцияси бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон делегацияси, жумладан, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директорининг ўринбосари Сирожиддин Абдуллаев иштирок этди.
Халқаро анжуманда болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш, оилаларни қўллаб-қувватлаш, шунингдек, жабрланган болаларга комплекс ижтимоий ва психологик ёрдам кўрсатиш масалалари муҳокама қилинди. Конференция доирасида 94 та давлат томонидан жами 283 та мажбурият тақдим этилди.
Конференциянинг “Зўравонликсиз келажакни молиялаштириш” мавзусидаги ялпи мажлисида Ўзбекистоннинг болалар фаровонлигини таъминлаш ва уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида амалга ошираётган ишлари ҳамда тўплаган тажрибаси ҳақида маълумот берилди. Хусусан, Самарқанд шаҳрида ўтказилган Бутунжаҳон саммити, унинг якунида қабул қилинган Самарқанд декларацияси, мамлакатимизда фаолият юритаётган 208 та “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази ва ижтимоий ходимлар фаолияти алоҳида қайд этилди.
Таъкидланганидек, болаларни зўравонликдан ҳимоя қилиш фақат ҳуқуқий чоралар билан чекланиб қолмаслиги, балки оилаларни қўллаб-қувватлаш, хавф омилларини эрта аниқлаш ва жабрланган болаларга манзилли ёрдам кўрсатишни ҳам қамраб олиши зарур. Анжуман иштирокчилари мамлакатимизда болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган қонунчилик ва институционал ислоҳотларни, шунингдек, 2026–2030 йилларга мўлжалланган миллий стратегия қабул қилинганини ижобий баҳолади. БМТ Бош котибининг болаларга нисбатан зўравонлик масалалари бўйича махсус вакили Доктор Нажат Маалла Мжид Ўзбекистонда шаклланган тажрибани бошқа давлатларга ҳам тақдим этиш муҳимлигини таъкидлади. Шунингдек, Тожикистон Бош вазири ўринбосари Дилрабо Мансурий мамлакатимизда “Барнаҳус” моделини жорий этиш бўйича амалга оширилаётган ишларга қизиқиш билдирди. Мазкур модел зўравонликдан жабрланган болалар билан ишлашда уларни қайта-қайта сўроқ қилиш ва руҳий жароҳатни кучайтиришнинг олдини олиш, турли идоралар хизматларини ягона ёндашув асосида мувофиқлаштиришга қаратилган.
Конференцияда билдирилган фикрлар ва халқаро ҳамкорларнинг қизиқиши болаларни зўравонликдан ҳимоя қилиш соҳасида тажриба алмашиш, самарали механизмларни оммалаштириш ва давлатлараро ҳамкорликни мустаҳкамлаш муҳимлигини кўрсатди. Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар, ижтимоий хизматлар қамровининг кенгайиши ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган институционал механизмлар халқаро мулоқотнинг муҳим мавзуларидан бири бўлди.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА