Суяги далада қотган чинакам деҳқон-фермер
Қишлоқ хўжалигида натижа бир кунда яратилмайди. Ерга уруғ қадалганидан то ҳосил йиғиб олингунча бўлган жараёнларда фермердан пухта билим, катта тажриба, сабр-тоқат, улкан масъулият ва энг муҳими, ўз касбига меҳр талаб этилади. Зеро, деҳқон меҳнати нафақат бир хўжалик ёки бир оила, балки бутун жамият дастурхони фаровонлиги билан чамбарчас боғлиқ. Шу маънода, ёшлигидан суяги далада қотган чинакам деҳқон-фермер Илҳомжон Зиёвиддинов кўп йиллардан буён қишлоқ хўжалигида самарали меҳнат қилиб келмоқда.
Бугунги кунда мамлакатимизда қишлоқ хўжалигини жадал ривожлантириш, фермерлик ҳаракатини қўллаб-қувватлаш, соҳа вакиллари учун зарур шарт-шароитларни яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бунинг ёрқин самараси эса илғор деҳқон ва фермерларимиз фаолиятида ўз ифодасини топмоқда.
Ерга меҳр, меҳнатга садоқатнинг юксак эътирофи ҳамда кўп йиллик самарали меҳнатлари ва соҳа тараққиётига қўшаётган муносиб ҳиссалари учун Наманган туманидаги “Навбаҳор намунаси” кўп тармоқли фермер хўжалиги раҳбари Илҳомжон Зиёвиддинов Ватанимиз мустақиллигининг ўттиз беш йиллиги муносабати билан Президентимиз фармонига асосан “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган қишлоқ хўжалиги ходими” фахрий унвонига муносиб кўрилгани наманганлик аграр тармоқ фидойиларининг меҳнатига берилган улкан баҳо бўлди.

Қишлоқ хўжалигида натижа бир кунда яратилмайди. Ерга уруғ қадалганидан то ҳосил йиғиб олингунча бўлган жараёнларда фермердан пухта билим, катта тажриба, сабр-тоқат, улкан масъулият ва энг муҳими, ўз касбига меҳр талаб этилади. Зеро, деҳқон меҳнати нафақат бир хўжалик ёки бир оила, балки бутун жамият дастурхони фаровонлиги билан чамбарчас боғлиқ. Шу маънода, ёшлигидан суяги далада қотган чинакам деҳқон-фермер Илҳомжон Зиёвиддинов кўп йиллардан буён қишлоқ хўжалигида самарали меҳнат қилиб келмоқда.
Мутахассислик касби агроном бўлган фермер 44,1 гектар экин майдонида ғалла ва пахтадан мўл ҳосил етиштириб, нафақат Наманган вилояти, балки водийда энг илғорлар сафида юради. Ерга ишлов беришдан тортиб, экинлар парвариши, суғориш ва ҳосилни йиғиштириш жараёнларида юқори унумдор техникалардан фойдаланиб, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришда илмий ёндашаётганлиги муваффақиятлар гарови бўлмоқда.

Жорий йилда ғаллачиликда ҳар гектаридан 100 центнердан ортиқ ҳосил олинган бўлса, пахтачиликда ҳам катта мақсадлар режалаштирилган. Бугун 18 гектар майдондаги ғўза чаман очилиб, ҳосил чўғи баланд бўлишидан дарак бермоқда. Демак, “Навбаҳор намунаси” жорий йилдаги “оқ олтин” мавсумида наманганлик бободеҳқонлар орасида пешқадамлар қаторида бўлиши шубҳасиз.
Қайд этиш даркор, 2007 йилдан буён юритиб келинаётган хўжаликнинг номи – “Навбаҳор намунаси”да чинакамига намуна бўлишдек ҳам эзгу ният, ҳам масъулият мужассам. Бинобарин, кўп тармоқли фермер хўжалигини бошқариш осон юмуш эмас. Бунда ер унумдорлигини сақлаш, мавжуд имкониятлардан оқилона фойдаланиш, меҳнатни тўғри ташкил этиш, маҳсулот етиштириш билан бирга иқтисодий самарадорликни таъминлаш каби кўплаб вазифалар уйғунлашади. Хўжаликда фақатгина ғалла ва пахта билан чегараланиб қолмасдан, пилла, қолаверса, ғалладан бўшаган ерларга такрорий экинлар ва чорва озуқаси ҳамда сабзавот маҳсулотлари етиштирилади.

Шу маънода, Илҳомжон Зиёвиддиновнинг раҳбарлик фаолиятини фермерликнинг бугунги талаблари билан ҳамоҳанг меҳнат мактаби сифатида баҳолаш мумкин. Хўжаликнинг кўп тармоқли йўналишда ташкил этилгани эса қишлоқ хўжалигида биргина йўналишга эмас, балки мавжуд ресурс ва имкониятларни кенг қамровда ишга солишга интилишни англатади.
– Янги Ўзбекистондаги ислоҳотлар кеча ва бугунни таққослаш, фикрлаш имконини бермоқда. Фермер хўжалигимизни икки ишчи ва битта эски трактор билан бошлаганмиз. Хатто етиштирилган маҳсулотларимиз ҳақини ўз вақтида ололмаган даврни бошдан кечирганмиз. Охирги ўн йилда барча соҳалар қаторида қишлоқ хўжалигида, айниқса, фермер хўжаликлари учун мисли кўрилмаган имкониятлар ва ғамхўрликлар яратилди, буни санаб саноғи етолмайсан киши, – дейди Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган қишлоқ хўжалиги ходими – Наманган туманидаги “Навбаҳор намунаси” кўп тармоқли фермер хўжалиги раҳбари Илҳомжон Зиёвиддинов. – Буни биз фермерлар ҳар томонлама – ҳам иқтисодий, ҳам маънавий жиҳатдан ҳис этмоқдамиз. Юксак эҳтиромнинг биргина мисолида сифатида айтиш даркор, фаолиятимиздаги иқтисодий ўсишлар туфайли охирги уч йил давомида кредит олишга эҳтиёжимиз бўлмади. Биржа орқали сотилган пахта ҳосилимиз қиймати ҳисобидан 10 фоиз субсидия – 117 миллион сўм маблағ тақдим қилинди. Бу фермер учун жуда катта иқтисодий имконият, кўмак дегани.

Дарҳақиқат, бугун фермердан фақат ерга ишлов бериш эмас, балки замонавий иқтисодий фикрлаш ҳам талаб этилади. Сув тежовчи технологиялардан оқилона фойдаланиш, меҳнат унумдорлигини ошириш, маҳсулот сифатини яхшилаш, бозор талабини ҳисобга олиш – буларнинг барчаси замонавий фермернинг кундалик вазифаларига айланган. Шундай шароитда йиллар давомида хўжаликни бошқариб, соҳада ўз ўрнига эга бўлишнинг ўзи катта тажриба мактабидан далолат беради. Ерни асраган – элни асрайди. Қишлоқ хўжалигининг ўзига хослиги шундаки, бу соҳада меҳнатнинг натижаси табиат, вақт ва инсон омили уйғунлигида юзага чиқади. Шунинг учун ҳақиқий фермер ўзини ернинг эгаси эмас, балки унинг масъул посбони деб билиши керак.

Замонавий техника ва илмий асосланган илғор агротехнологиялардан оқилона фойланиб, ерга меҳру муҳаббат билан меҳнат қилаётган “Навбаҳор намунаси” хўжалиги раҳбарига берилган юксак унвон келгусида ишга бўлган масъулиятни янада оширади. Энди унинг ҳар бир ташаббуси, ҳар бир иш натижаси нафақат хўжалик, балки соҳадаги илғор тажриба сифатида баҳоланиши табиий. Зеро, фермернинг ҳақиқий ютуғи – фақат рақамларда эмас, унинг самараси ернинг унумдорлиги, етиштирилган маҳсулоти, яратилган меҳнат имкониятлари ва энг асосийси, эртанги кунга ишончида кўзга ташланади.
Таъкидлаш жоизки, Илҳомжон Зиёвиддинов нафақат қишлоқ хўжалиги, балки давлат ва жамоат ишларида ўзининг ижтимоий-сиёсий фаоллиги билан ажралиб туради. Наманган туманидаги “35-Наврўз” сайлов округида Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан номзоди қўйилган қаҳрамонимиз бугунги кунда вилоят Кенгаши депутати сифатида сайловчиларнинг ишончини қозониб келмоқда. Халқ ноиби томонидан кўтарилаётган долзарб масалалар ижроси нафақат Наманган туманида, балки вилоятимиз иқтисодиётида муҳим ўрин тутиши билан ғоят аҳамият касб этмоқда.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА мухбири.