Сувдан оқилона фойдаланиш юксак ҳосил гарови
Жиззах вилояти Шароф Рашидов туманидаги Алишер Навоий номли фермер хўжаликлари ҳудуди бугун янгича ёндашув, замонавий тафаккур ва тежамкорлик маданияти уйғунлашган агромайдонга айланмоқда. Бу ерда фаолият юритаётган "Барака ором сервис" ҳамда "Agro System Leader Group" масъулияти чекланган жамиятлари сув тежовчи технологияларни амалиётга жорий этишда етакчилар сафида.
Хусусан, “Барака ором сервис” МЧЖ томонидан 696 гектар, “Agro System Leader Group” МЧЖ томонидан эса 456 гектар пахта майдонларида томчилатиб суғориш тизими жорий этилди. Зеро, мазкур усул сувни бевосита ниҳол илдизига етказиб, ҳар бир томчини қадрлаш имконини беради.

Иқлим ўзгариши ва сув танқислиги кучайиб бораётган бугунги шароитда аграр соҳада “кўп сув — кўп ҳосил” деган қараш ўрнини “ақлли суғориш — барқарор ҳосил” тамойили эгалламоқда. Томчилатиб суғориш технологиялари сув сарфини 40–50 фоизгача қисқартиради, минерал ўғитлар тўғридан-тўғри илдизга етказилиши ҳисобига самарадорликни оширади. Энг муҳими, ер шўрланишининг олди олиниб, тупроқнинг унумдор қатлами сақланади.

Мазкур ишлар мамлакатимизда амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар билан уйғун. Хусусан, Президентимизнинг 2020 йил 10 июлдаги “Ўзбекистон Республикаси сув хўжалигини ривожлантиришнинг 2020- 2030 йилларга мўлжалланган концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармони ҳамда 2022 йил 1 мартдаги “Қишлоқ хўжалигида сувни тежайдиган технологияларни жорий этишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгиланган вазифалар Жиззах далаларида амалий ифодасини топмоқда.

Натижа равшан: сув тежалмоқда, ер унумдорлиги ортиб, ҳосилдорлик юксалмоқда. Энг муҳими, фермер тафаккури янгиланмоқда — у табиатга қарши эмас, балки у билан ҳамоҳанг иш юритмоқда.
Жорий йилда туманда томчилатиб суғориш майдонларини янада кенгайтириш режалаштирилгани бу борадаги ишлар изчил давом этаётганини кўрсатади. Чунки ҳар бир тежалган томчи келажакка қўшилган ҳисса, ҳар бир илдизга етган сув эса баракали ҳосил демакдир.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири