Пиллачилик – даромад манбаи
ФОТОРЕПОРТАЖ
Наманган вилояти Уйчи туманидаги “Бирлашган Деҳқонобод” ММТП ҳудудида жойлашган “Кесканёр оқ олтин” фермер хўжалигининг илғор пиллакори Малика Тоҳированинг қувончи чексиз. У хонадонида 4 қути ипак қурти парваришламоқда. Айни кунларда ипак қуртлари пилла ўраш босқичига кирган.
Пиллачилик билан ўн йилдан ортиқ вақтдан буён шуғулланиб келаётган Малика Тоҳирова жорий йилда 300 килограмм ҳосил олишни мақсад қилган. У ҳар йили шартномавий режани биринчилардан бўлиб бажариб келмоқда. Шунингдек, 0,40 сотих майдондаги тут плантациясидан самарали фойдаланмоқда.
Туманнинг Даҳиякота маҳалласида яшовчи касаначи Марҳабо Аҳмедова ҳам хонадонида 2 қути ипак қурти парваришлаб, қўшимча даромад олмоқда.
Бўёғон маҳалласида истиқомат қилувчи Соҳибжон Қўчқоров хонадонида эса 2 қути ипак қурти парваришланмоқда. Яқин кунларда бу ерда ҳам пилла ўраш жараёни бошланади.
Ипак қурти парвариши юксак масъулият, сабр ва аниқ агротехник қоидаларга амал қилишни талаб этади. Шу мақсадда туманда жами 3970 қути ипак қурти парваришига алоҳида эътибор қаратилган. Шундан 2500 қути фермер хўжаликларида, 1470 қути эса касаначилар томонидан парваришланмоқда. Жорий йилда туман бўйича 238 тонна пилла ҳосили олиш режалаштирилган.
[gallery-29216]
Пиллачилик туманда аҳоли, айниқса хотин-қизлар бандлигини таъминлашда муҳим манбага айланган. Жорий йилда ушбу соҳа орқали 1985 нафар хотин-қиз бандлиги таъминланмоқда.
Вилоят ҳокими раҳбарлигидаги ишчи гуруҳ Дон ва дуккакли экинлар илмий-тадқиқот институтининг Наманган илмий тажриба станциясида бўлиб, ипак қурти парвариши жараёни билан танишди ҳамда зарур тавсиялар берди.
Шунингдек, станцияда маҳаллий ва хорижий юмшоқ буғдой навларининг экологик синов кўчатзорида 42 хил нав парваришланмоқда. Касаллик ва зараркунандаларга чидамли, юқори ҳосилдор навлар танлаб олиниб, фермер ва деҳқон хўжаликларига тавсия этилмоқда. Институт билан ҳамкорликда юқори авлодли уруғликлар етиштирилиб, уруғчилик билан шуғулланувчи хўжаликларга етказиб берилмоқда.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ (сурат), ЎзА