Сурхондарёда устоз ва мураббийлар шарафланди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Термиз шаҳридаги «Версал» тантаналар саройида 1 октябрь — Ўқитувчи ва мураббийлар кунига бағишланган Сурхондарё вилоятининг асосий байрам тадбири бўлиб ўтди.
Тантанали маросимда вилоятдаги таълим ташкилотлари раҳбарлари, илғор педагоглар, кўп йиллик самарали фаолияти давомида ёш авлод таълим-тарбиясига муносиб ҳисса қўшиб келаётган фахрий устоз ва мураббийлар иштирок этди.
Вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов йиғилганларни касб байрами билан табриклаб, мамлакат тараққиёти ва жамият равназида ўқитувчи ва мураббийларнинг ўрни беқиёс эканини таъкидлади. Шунингдек, ҳудудда таълим сифатини юксалтириш, педагогларнинг касбий салоҳиятини ошириш, уларни қўллаб-қувватлаш ҳамда таълим муассасаларида замонавий шарт-шароитларни яратиш борасида амалга оширилаётган ишлар хусусида тўхталди.
[gallery-31724]
Байрам муносабати билан соҳада узоқ йиллар самарали меҳнат қилиб, касбига садоқати, ташаббускорлиги ва фидойилиги билан ҳамкасбларига ўрнак бўлиб келаётган бир гуруҳ педагоглар ҳамда фахрий устозлар эътироф этилди. Уларга вилоят ҳокимининг фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари тантанали равишда топширилди.
Маросим давомида устозларнинг шарафли касби, уларнинг ёш авлодни билимли, маънавиятли ва ватанпарвар этиб тарбиялашдаги масъулиятига алоҳида урғу берилди. Қалбдан айтилган самимий тилаклар ва эзгу ниятлар байрамга янада кўтаринки руҳ бағишлади.
Тантананинг бадиий қисмида вилоят санъаткорлари томонидан ижро этилган куй-қўшиқлар, саҳна кўринишлари ва мусиқий чиқишлар намойиш этилди. Ижодкорларнинг чиқишлари устозларга бағишланган байрам кечасига ўзгача файз ва шукуҳ бағишлади.
Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ (сурат), ЎзА