Кибержиноятларга қарши курашиш – давр талаби
Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтида талаба-ёшларнинг киберхавфсизлик борасидаги билимларини ошириш, интернет тармоғида учрайдиган турли таҳдид ва фирибгарликлардан огоҳ этиш ҳамда кибержиноятларнинг олдини олиш мақсадида тарғибот учрашуви ташкил этилди.
“Пайшанба – ёшлар куни” ҳамда “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси куни” муносабати билан ўтказилган тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Кибержиноятларга қарши курашиш бошқармаси катта инспектори, лейтенант Шоҳруҳ Юлдашов ҳамда институтнинг хотин-қизлар профилактика инспектори Мийригул Наримбетова иштирок этди.

Учрашув давомида бугунги кунда рақамли технологиялар ва интернетдан фойдаланиш имкониятлари кенгайиб бораётгани билан бир қаторда, кибержиноятлар ва интернет фирибгарлигининг турли кўринишлари ҳам учраётгани таъкидланди. Шу муносабат билан талаба-ёшларнинг рақамли саводхонлигини ошириш, уларда интернетдан хавфсиз фойдаланиш кўникмаларини шакллантириш ҳамда кибержиноятларнинг олдини олиш муҳим аҳамият касб этиши қайд этилди.

Тадбирда катта инспектор Шоҳруҳ Юлдашов томонидан талабаларга интернет орқали содир этиладиган фирибгарликлар, ижтимоий тармоқлар ва мессенжерлардаги сохта аккаунтлар, шубҳали ҳаволалар, банк карталари маълумотларини ноқонуний қўлга киритиш ҳамда фуқароларнинг шахсий маълумотларидан ғаразли мақсадларда фойдаланиш каби ҳолатлар ҳақида тушунтиришлар берилди.

Шунингдек, фуқароларнинг ишончидан фойдаланиб, уларни турли ёлғон таклифлар ва хабарлар орқали алдаш усуллари, бундай жиноятларга алданиб қолмаслик чоралари ҳамда кибержиноятга дуч келганда қандай ҳаракат қилиш лозимлиги ҳақида тавсиялар берилди.
Талабаларга банк картаси маълумотлари, СМС орқали келадиган тасдиқлаш кодлари ва шахсий паролларни бегоналарга бермаслик, номаълум ҳаволаларга кирмаслик, шубҳали қўнғироқ ва хабарларга ишонмаслик, ижтимоий тармоқлардаги аккаунтларини ҳимоялаш зарурлиги алоҳида таъкидланди.
Учрашув давомида ёшларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, интернетдан фойдаланишда ҳушёрлик ва масъулиятни ошириш, шунингдек, ёшларни турли киберхавфлардан ҳимоя қилиш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш масалаларига ҳам эътибор қаратилди.
Тадбир якунида талаба-ёшлар ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб олиб, кибержиноятлардан ҳимояланиш ва шахсий маълумотлар хавфсизлигини таъминлаш бўйича зарур маълумотларга эга бўлди.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири