Сурхондарёда 190 мингга яқин ўқувчи китобхонлик танловларида иштирок этди
Сурхондарё вилоятида ёшлар ўртасида китобхонлик маданиятини юксалтириш, уларнинг мутолаага қизиқишини ошириш мақсадида ўтказилган турли танловларга 190 мингга яқин ўқувчи жалб этилди. Мазкур танловлар якунига бағишланган «Китобхонлик фестивали» Термиз шаҳридаги 26-сонли умумтаълим мактабида бўлиб ўтди.
Фестивалда таълим соҳаси масъуллари, ҳудудий болалар кутубхоналари вакиллари, педагоглар, ўқувчилар ҳамда ота-оналар иштирок этди.
Тадбир доирасида китоб мутолаасини оммалаштириш, мактаб кутубхоналари фаолиятини қўллаб-қувватлаш, ёшларнинг ижодий қобилиятларини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Вилоят миқёсида ташкил этилган «Энг китобхон мактаб», «Энг фаол китобхон ўқувчи», «Ижодкор болалар», «Энг китобхон оила» ва «Энг фаол кутубхоначи» кўрик-танловлари ғолиблари фестивалда муносиб тақдирланди.
Хусусан, «Ижодкор болалар» йўналишида Термиз туманидаги 8-сонли мактабнинг 11-синф ўқувчиси Умида Муҳаммадиева, «Энг фаол китобхон ўқувчи» номинациясида Олтинсой туманидаги 20-сонли мактабнинг 10-синф ўқувчиси Латофат Шоймардонова ғолиб деб топилди. «Энг фаол китобхон мактаб» йўналишида Қумқўрғон туманидаги 70-сонли мактабнинг «Зукко китобхон» жамоаси юқори натижа кўрсатди. Шеробод туманидаги 36-сонли мактаб кутубхоначиси Руҳия Нормаматова эса «Энг фаол кутубхоначи» номинацияси ғолиби бўлди.
Фестиваль давомида танловларда юқори натижаларга эришган 12 нафар ўқувчи рағбатлантирилди. Шунингдек, болаларни китобга ошно этиш, кутубхоналар фаолиятини ривожлантириш ва мутолаа маданиятини тарғиб қилишда фаоллик кўрсатган бир гуруҳ кутубхоначилар ҳам тақдирланди.
Тадбир ўқувчилар томонидан тайёрланган бадиий чиқишлар, куй-қўшиқлар ва ижодий дастурлар билан давом этди.
[gallery-32287]
Мазкур фестиваль ёшлар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб этиш, иқтидорли ўқувчиларни қўллаб-қувватлаш ҳамда оила, мактаб ва кутубхона ҳамкорлигини мустаҳкамлашга хизмат қилди.
Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ (сурат), ЎзА