Андархонда қовунчиликнинг қадимий анъаналари намойиш этилди
Фарғона вилояти Бешариқ туманидаги Андархон қишлоғида анъанавий халқаро «Қовун сайли» байрами бўлиб ўтди. Миллий қадриятлар ва деҳқончилик анъаналарини ўзида мужассам этган тадбирда қовуннинг сара навлари намойиш этилиб, полизчиликка оид қадимий урф-одатлар тарғиб қилинди.
Байрам доирасида қовун ва бошқа полиз маҳсулотлари, миллий таомлар кўргазмалари ташкил этилди. Меҳмонлар қовун етиштирувчи хўжаликлар фаолияти, ҳосилни йиғиб олиш ва узоқ муддат сақлашнинг ўзига хос усуллари билан танишди.
Айниқса, Андархонда авлоддан-авлодга ўтиб келаётган қовун сақлаш анъанаси иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди. Қишлоқ аҳолисининг аксарияти қовунчилик ва етиштирилган ҳосилни сақлаш билан шуғулланади. Маҳаллий деҳқонлар эрта баҳорда Жиззах вилоятига бориб, қовун етиштиради. Пишиб етилган ҳосил эса Андархонга келтирилиб, махсус омборхоналарга жойлаштирилади.
Қовунлар анъанавий усулда, маҳаллий аҳоли «қовға» деб атайдиган махсус ўсимлик ёрдамида боғланиб, омборхоналарга осиб қўйилади. Улардаги махсус туйнуклар орқали ҳаво айланиши таъминланади. Мазкур усул ҳамда ҳудуднинг ўзига хос табиий-иқлим шароити туфайли кузда сақлашга қўйилган қовунлар келгуси йилнинг май ойигача ўз сифати ва таъмини сақлаб қолиши мумкин.
Байрам доирасида ўтказилган «Қовун боғлаш» мусобақаси иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди. Унда моҳир деҳқонлар қовунларни узоқ муддат сақлашга тайёрлаш бўйича ўз маҳоратларини намойиш этди. Шунингдек, тажрибали полизкорлар иштирокида маҳорат дарслари ташкил қилиниб, қовун етиштириш ва сақлаш сирлари ҳақида маълумот берилди.
Тадбирда Фарғона водийси вилоятларидан ташриф буюрган меҳмонлар, маҳаллий аҳоли, полизкорлар ҳамда хорижий меҳмонлар иштирок этди. Байрамда Фарғона вилояти ҳокими ўринбосари Хуршид Аҳмедов ва Бешариқ тумани ҳокими Илёсбек Новиков ҳам қатнашди.
Сайл давомида миллий куй-қўшиқлар, фольклор жамоаларининг чиқишлари ва маданий дастурлар намойиш этилди. Меҳмонлар миллий таомлардан баҳраманд бўлиб, ҳудуднинг ўзига хос деҳқончилик анъаналари билан яқиндан танишди.
«Қовун боғлаш» мусобақаси ғолиблари эсдалик совғалари билан тақдирланди.
[gallery-32293]
Мазкур байрам халқимизнинг асрлар давомида шаклланган деҳқончилик тажрибасини асраб-авайлаш, миллий анъаналарни кенг тарғиб этиш ҳамда уларни келгуси авлодларга етказишга хизмат қилмоқда.
Муқимжон ҚОДИРОВ(сурат), ЎзА