Сурхондарё саноатида қайси ҳудуд етакчилик қилмоқда?
Сурхондарё вилоятида бундан ўн йил муқаддам ҳам аграр соҳа ишлаб чиқаришнинг етакчи тармоғи эди. Эндиликда замонавий саноат ривожланиб, рақобатбардош тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми ортмоқда. Саноат тармоқларининг барқарор ривожланиши иқтисодий ўсиш ва янги иш ўринлари яратилишида муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.
Вилоят статистика бошқармаси маълумотларига кўра, айни пайтда воҳада 3 минг 139 та саноат корхонаси фаолият юритмоқда. Асосий иқтисодий фаолият турлари кесимида уларнинг 793 таси бошқа нометалл минерал маҳсулотлар, 690 таси озиқ-овқат маҳсулотлари, 277 та машина ва ускуналардан ташқари тайёр металл буюмлар, 247 таси кийим-кечак ишлаб чиқараётир.
Жорий йилнинг ўтган тўрт ойида вилоятдаги саноат корхоналарида 5477,2 миллиард сўмлик рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқарилди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 108,3 фоизни ташкил этди. Ҳудудлар кесимида Термиз шаҳри 562,3 миллиард сўмлик саноат маҳсулоти ишлаб чиқариб, воҳада етакчилик қилди. Денов туманида 541,9 миллиард, Жарқўрғонда 515,6 миллиард сўмлик маҳсулот тайёрланиб, иккинчи ва учинчи ўринлардан жой олди. Тармоқда Олтинсой тумани 134,3 миллиард сўмлик, Қизириқ тумани 100,8 миллиард ва Бойсун тумани 92,7 миллиард сўмлик саноат маҳсулоти ишлаб чиқариб, учта энг қуйи ўринни эгаллади.

Вилоятда кейинги йилларда текстиль ва тўқимачилик, қурилиш материаллари, кўмир қазиб олиш, озиқ-овқат ва мебель каби саноат турлари ривожланаётгани кузатилмоқда.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири