Сурхондарё I Халқаро тиббиёт олимпиадасига мезбонлик қилмоқда
Термиз иқтисодиёт ва сервис университетида “Термиз –2026” I Халқаро тиббиёт олимпиадаси бўлиб ўтмоқда.
Мамлакатимиздаги 50 дан ортиқ олий таълим муассасаси ва Тожикистон, Қирғизистон каби давлатларнинг ўндан зиёд тиббиёт муассасалари профессор-ўқитувчилари ва талабаларини жанубда жамлаган олимпиаданинг тантанали очилиш маросимида Термиз иқтисодиёт ва сервис университети ректори, профессор А.Абсаматов Янги Ўзбекистонда таълим сифати ва самарадорлигини оширишга, иқтидорли талабаларни қўллаб-қувватлашга қаратилаётган эътибор ҳақида сўз юритди. Бундай нуфузли тадбирлар талаба-ёшларнинг илмий салоҳиятини ривожлантириб, турли мамлакатлардаги тенгдошлари билан дўстлик, ўзаро ҳамкорлик муносабатларини мустаҳкамлашга хизмат қилишини қайд этди. Олимпиада иштирокчиларига омад тилади.

Маросимда И.К.Ахунбаев номидаги Қирғизистон Тиббиёт академияси патологик анатомия кафедраси ассистенти Алия Кнешева, Самарқанд давлат тиббиёт университети физиология фанлар кафедраси доценти Мирза Юсупов ва бошқалар “Термиз – 2026” I Халқаро тиббиёт олимпиадасининг соҳани ривожлантиришдаги аҳамияти, малакали тиббий билим ва кўникмага эга мутахассислар тайёрлашдаги ўрни тўғрисида фикр алмашди. Шу маънода мазкур олимпиада нафақат талабалар билимини синовдан ўтказиш, балки илмий тажриба алмашиш, академик ҳамкорликни кенгайтириш, ёш олимлар ва тадқиқотчилар ўртасида янги алоқаларни йўлга қўйишда муҳим майдон бўлиб хизмат қилиши таъкидланди.

Термиз иқтисодиёт ва сервис университетида 28 минг талаба халқ хўжалигининг турли соҳалари бўйича таълим олиб, касб сирларини чуқур ўрганмоқда. Уларнинг тўрт мингдан ортиғи тиббиёт факультетида таҳсил олаётир. Бўлғуси шифокорларнинг касб сирларини мукаммал эгаллаши учун барча замонавий шароит яратилган. Улар вилоят марказидаги йирик тиббиёт муассасаларида амалий кўникмаларини мустаҳкамлаш учун ҳам зарур қулайликлар мавжуд.

Олимпиада дастурига кўра, барча иштирокчилар индивидуал тур баҳслари бошланишидан олдин тегишли методик йўриқномалар билан таништирилгач, халқаро стандартлар асосида жиҳозланган махсус аудиторияларга тақсимланди.

Халқаро олимпиада низомига мувофиқ бугун иштирокчи талабалар тест синовларини топширмоқда. Кейинги шартлар бўйича оғзаки саволларга жавоб беради. Амалий ва вазиятли масалалар бўйича ўз билим, кўникмасини намойиш этади. Бу жараёнларни нуфузли ҳакамлар ҳайъати аъзолари адолат мезонлари асосида очиқ, ошкора баҳолаб боради.


Олимпиада қатнашчилари учун қизиқарли маданий тадбирлар ташкил этиш, қадимий воҳадаги тарихий ва археологик ёдгорликларга саёҳат уюштириш ҳам режалаштирилган.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири