Олис манзилларда газ таъминотидан муаммолар бўлмайди
Аҳоли мурожаатларини жойида ўрганиш ва тезкор ҳал этиш мақсадида Тошкент вилоятининг олис ҳудуди ҳисобланган Ангрен шаҳрининг “Лашкарак” маҳалла фуқаролар йиғинида “Ҳудудгазтаъминот” АЖ Бошқарув раиси М.Ходжаев иштирокида сайёр қабул бўлиб ўтди.
Тадбирда “Ҳудудгазтаъминот” АЖ раҳбарияти, “Ҳудудгаз Тошкент” газ таъминоти филиали мутасаддилари ҳамда Республика ишчи гуруҳи вакиллари иштирок этди.

Сайёр қабул давомида юзга яқин мурожаатчиларнинг 90 фоизи жойида ҳал этилди. Қолган мурожаатлар бўйича мутасаддиларга аниқ топшириқлар берилиб, ижроси назоратга олинди. Мазкур сайёр қабулда Ангрен шаҳар ҳокими А.Райимов ҳамда тегишли ташкилотлар раҳбарлари ҳам қатнашди. Бу эса фуқароларнинг нафақат газ таъминоти, балки бошқа йўналишлардаги мурожаатларнинг ҳам комплекс тарзда кўриб чиқиш имконини яратди.

Тадбир доирасида кўргазмали саф кўриги ташкил этилиб, суюлтирилган ва табиий газ таъминоти жараёнлари, хавфсизлик қоидалари ҳамда замонавий хизматлар бўйича тушунтиришлар берилди. Шу билан бирга, махсус гуруҳлар томонидан маҳаллада хонадонма-хонадон ўрганиш ишлари амалга оширилиб, мавжуд муаммолар жойида бартараф этилди ҳамда аҳолига хавфсизлик бўйича тавсиялар берилди.

Ҳозирда, “Ангреншахаргаз” газ таъминоти бўлими ҳисобида суюлтирилган газдан фойдаланадиган 3 минг 267 нафар истеъмолчи бор. Ўтган йил шаҳар ҳудудидаги газ қувурларининг коррозияга учрашининг олдини олиш мақсадида турли диаметрли газ қувурлари бўёқланди. Жойлардаги юқори босимли газ тақсимлаш пунктларининг 12 тасига янги замонавий уйчалар ўрнатилди. Уларнинг яна 41 таси модернизация қилиниб, янги замонавий ГТНларга алмаштирилди.

– Ҳозир Лашкарак, Нишбош ва Жигаристон маҳаллаларида жами 1,1 мингга яқин суюлтирилган газ истеъмолчилари мавжуд бўлиб, улар белгиланган режа-график асосида маиший газ баллонлари билан таъминламоқда, – дейди “Ҳудудгазтаъминот” АЖ Маҳалла истеъмолчиларини суюлтирилган газ билан таъминлаш бошқармаси бошлиғи Акмал Жўраев.
Бундай сайёр қабуллар аҳоли билан очиқ мулоқотни таъминлаш, муаммоларни жойида ҳал этиш ҳамда хизматлар сифатини янада оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
А.Мусаев, ЎзА.