Суперлига: Бугун 22-тур якунланади
Футбол бўйича Ўзбекистон Суперлигасининг 22-туридан ўрин олган сўнгги учрашув бугун, 21 сентябрь куни «Хоразм» ва «Қизилқум» жамоалари ўртасида бўлиб ўтади.
Кеча мазкур тур доирасида тўртта учрашув ўтказилди. Унда «Локомотив» ўз майдонида «Нефтчи»ни қабул қилди. Учрашувнинг 62-дақиқасида Зоран Марушич томонидан киритилган ягона гол «Нефтчи»га ғалаба келтирди.
Шунингдек, «Андижон» ўз майдонида «Насаф»га 1:4 ҳисобида мағлуб бўлди. «Бобур Арена»да ўтган баҳсда Рустам Турдимуродов 21-дақиқада пенальтидан ҳисобни очди. Бироқ меҳмонлар Аденис Шала (38), Аббос Ғуломов (53), Абдувоҳид Неъматов (81, пенальти) ва Юсуф Отубанжонинг (88) голлари эвазига йирик ҳисобда ғалаба қозонди.
«Сўғдиёна» эса ўз майдонида ОКМК клубига 1:2 ҳисобида имкониятни бой берди. «Сурхон» — «Қўқон-1912» учрашувида 1:0 ҳисоби қайд этилди. Учрашувдаги ягона голни 8-дақиқада Торнике Дзебниаури киритди.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА