Сунъий интеллект соҳасида стратегик ҳамкорлик йўлга қўйилди
Мамлакатимизда рақамли иқтисодиётни ривожлантириш, давлат ва молия хизматларини рақамлаштириш ҳамда сунъий интеллект технологияларини иқтисодиёт тармоқларига кенг жорий этиш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Бу жараёнда банк тизимида илғор технологияларни жорий этиш, рақамли инфратузилмани ривожлантириш ва замонавий хизматларни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратиляпти.
Шу мақсадда “Ўзсаноатқурилишбанк” АТБ ва “Huawei” компанияси ўртасида сунъий интеллект, рақамли технологиялар ҳамда банк инфратузилмасини ривожлантириш соҳаларида ўзаро англашув меморандуми имзоланди.
Мазкур ҳужжат инновацион ечимларни жорий этиш, банкнинг рақамли трансформация жараёнларини жадаллаштириш ва томонлар ўртасидаги стратегик ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишда муҳим аҳамиятга эга.

Ҳамкорлик доирасида банк тизимида сунъий интеллект асосидаги ечимларни жорий этиш, технологик инфратузилмани такомиллаштириш ва мижозларга тақдим этилаётган рақамли хизматларни янада ривожлантиришга қаратилган қўшма лойиҳалар амалга оширилади.
Учрашувда халқаро тажрибани ўрганиш, илғор технологияларни татбиқ этиш ва сунъий интеллект соҳасидаги ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди. “Huawei” мутахассислари Хитой молия секторида амалга оширилган амалий лойиҳалар ва уларнинг самаралари ҳақида маълумот берди.
–“Ўзсаноатқурилишбанк” АТБ билан тармоқ инфратузилмаси бўйича қатор ҳамкорлик лойиҳаларини амалга оширганмиз, – деди “Huawei Uzbekistan” компанияси директори Тан Сяосян. – Бугун банк рақамли ривожланиш, мижозлар тажрибасини янада яхшилаш, операцион самарадорликни ошириш ҳамда интеллектуал ечимларни кенг қўллаш бўйича фаол иш олиб бормоқда. Бу Huawei’нинг AI имкониятлари орқали мижозлар учун янги қиймат яратиш стратегиясига тўлиқ мос келади. Шу боис ҳамкорликни кенгайтириш ва мамлакатга илғор технологияларни олиб кириш мақсадида SQB билан меморандум имзолаганимиздан мамнунмиз.
“Ўзсаноатқурилишбанк” акциядордик тижорат банки Сунъий интеллект бўйича бош директори Сергей Козлов қайд этганидек, мазкур келишув банкнинг технологик тараққиёти учун ҳар жиҳатдан фойдалидир.

–“Huawei” ахборот технологиялари, аппарат таъминоти ва AI соҳасида катта тажрибага эга халқаро компания. Ушбу ҳамкорлик банкка илғор технологиялар ва эксперт билимларини жалб қилиш, рақамли ривожланишни жадаллаштириш ҳамда интеллектуал маҳсулотларни яратиш учун кенг имконият очади. Шу билан бирга, у минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва Марказий Осиёда янги истиқболларни рўёбга чиқариш учун ишончли асос бўлади, – дея таъкидлади у.
Имзоланган меморандум мазкур халқаро тажрибани банк фаолиятига татбиқ этиш, инновацион ечимларни жорий қилиш ҳамда сунъий интеллект асосидаги янги авлод банк хизматларини ривожлантириш учун мустаҳкам замин яратади.
“Huawei Uzbekistan” компанияси ахборот хизматига кўра, “Huawei” молия соҳаси учун технологиялар ишлаб чиқиш бўйича 16 йиллик тажрибага эга бўлиб, бугунги кунда дунёнинг 80 та мамлакатидаги 7 100 дан ортиқ молиявий ташкилот билан ҳамкорлик қилиб келмоқда.
Насиба Зиёдуллаева,
ЎзА