Ислоҳотларнинг бош мақсади – инсон манфаати, ҳудудлар тараққиёти ва аҳоли фаровонлигини таъминлашдир
Юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли иқтисодий ва ижтимоий ислоҳотлар ҳудудларни комплекс ривожлантириш, инвестицияларни фаол жалб қилиш, аҳоли фаровонлигини ошириш ҳамда иқтисодиётнинг барқарор ўсишини таъминлашга хизмат қилмоқда.
Президентимиз раҳбарлигида ҳар бир вилоятнинг ички имкониятларини тўлиқ ишга солиш, рақобатбардош ишлаб чиқаришни кенгайтириш, хизматлар соҳасини ривожлантириш, экспорт салоҳиятини ошириш ва инсон капиталига сармоя киритишга қаратилган тизимли чора-тадбирлар ўзининг амалий самарасини бермоқда.
Навоий вилоятининг 2026 йил биринчи ярим йиллигидаги ижтимоий-иқтисодий ривожланиш натижалари бунинг яққол тасдиғидир.
Ўтган даврда вилоятнинг ялпи ҳудудий маҳсулоти 113,9 триллион сўмга етказилиб, иқтисодий ўсиш суръати 106,7 фоизни ташкил этди. Жумладан, саноат соҳасида 155 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилиб, тармоқ 5,4 фоизга ўсди. Эътиборлиси, мамлакатимизда саноатни диверсификация қилиш ва юқори қўшимча қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқаришга қаратилган ислоҳотлар натижасида енгил саноатда 130,7 фоиз, машинасозликда 127 фоиз, тоғ-кон саноатида 117,9 фоиз, мебель ишлаб чиқаришда 117,2 фоиз ва кимё саноатида 104,8 фоизлик ўсишга эришилди.
Инвестиция сиёсатида ҳам юқори натижалар қайд этилди. Биринчи ярим йилликда асосий капиталга 24,3 триллион сўм инвестиция йўналтирилиб, ўсиш суръати 115,4 фоизни ташкил қилди. Шу билан бирга, 907,5 миллион долларлик хорижий инвестициялар ўзлаштирилиб, белгиланган режа 138 фоизга бажарилди. Ўтган йилнинг шу даврига нисбатан инвестициялар ҳажми 264,4 миллион долларга кўпайгани Навоий вилоятининг инвестицион жозибадорлиги тобора ортиб бораётганини кўрсатади.
Экспортни кўпайтириш ва импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича ҳам салмоқли ишлар амалга оширилди. 163 та лойиҳа доирасида 1,5 триллион сўмлик импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқарилди. Бу орқали 125 миллион доллар валюта иқтисод қилиниб, 40,3 миллион долларлик экспорт амалга оширилди ҳамда 437 та янги иш ўрни яратилди. Умуман, ярим йилликда вилоятнинг экспорт ҳажми 124,3 миллион долларга етказилиб, режа 113 фоизга бажарилди.
Бугун иқтисодиётнинг энг тез ривожланаётган тармоқларидан бири хизматлар соҳаси ҳисобланади. Президентимиз томонидан хизматлар соҳасини иқтисодий ўсиш драйверига айлантириш бўйича белгиланган вазифалар Навоий вилоятида ҳам амалий натижа бермоқда. Ҳисобот даврида хизматлар ҳажми 16,1 триллион сўмни ташкил этиб, 18,9 фоизга ўсди. Айниқса, меъморчилик, таълим, соғлиқни сақлаш, транспорт, ахборот-коммуникация ва меҳмонхона хизматларида юқори ўсиш қайд этилди. Соҳада 15 минг 570 нафар аҳоли бандлиги таъминланди, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш учун 1,4 триллион сўм кредит ажратилди ҳамда 986 та янги хизмат кўрсатиш субъекти ташкил этилди.
Туризмни иқтисодиётнинг стратегик тармоғига айлантириш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳам ўз самарасини бермоқда. Олти ой давомида Навоий вилоятига 1,9 миллион нафар, жумладан, 301 минг нафар хорижий сайёҳ ташриф буюрди.
Сўнгги уч йилда вилоятда олтита туризм қишлоғи ташкил этилди. Жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида Нурота туманидаги Кичиксой ва Мушкан қишлоқлари ҳам “Туризм қишлоғи” мақомини олди. Шунингдек, “Қизилқум Сафари” ва “Спутник Навоий” МЧЖларига республикада биринчи бўлиб “Туризм кластери” мақоми берилиши ҳудуднинг туризм салоҳиятини янада оширишга хизмат қилмоқда.
Қишлоқ хўжалигида ҳам ислоҳотлар изчил давом эттирилди. 9,8 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилиб, тармоқда 4,4 фоизлик ўсиш таъминланди. Янги ерларни ўзлаштириш, интенсив боғдорчиликни ривожлантириш ва сув тежовчи технологияларни кенг жорий этиш орқали қишлоқ хўжалигида юқори самарадорликка эришилди. Хусусан, 17,1 минг гектарда сув тежовчи технологиялар қўлланилиши натижасида ҳосилдорлик 15-20 центнерга оширилди ва 25-30 фоиз сув тежалди.
Ижтимоий соҳада ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Биринчи ярим йилликда 1 415 хонадонли 22 та кўп қаватли уй фойдаланишга топширилиб, 5,5 мингдан зиёд аҳоли янги уй-жойга эга бўлди. Шунингдек, 196 километр ичимлик суви тармоқлари тортилиши ҳисобига 24 минг нафар аҳоли биринчи марта марказлашган ичимлик суви билан таъминланди. 362,5 километр автомобиль йўллари қурилди ва таъмирланди, учта янги кўприк барпо этилди.
Таълим соҳасида инсон капиталига сармоя киритиш сиёсатининг амалий натижалари яққол кўринмоқда. Вилоятда мактабгача таълим қамрови 82,6 фоизга етди. 50 та мактабда қурилиш ва реконструкция ишлари амалга оширилиб, 6 200 та янги ўқув ўрни яратилди. Бу эса таълим сифати ва инфратузилмасини янада яхшилашга хизмат қилмоқда.
Соғлиқни сақлаш соҳасида ҳам юқори технологик тиббий хизматлар кенгайиб, 13 578 та юқори технологик жарроҳлик амалиёти бажарилди. 185 нафар болада юқори технологияли операциялар ўтказилиб, 36 нафарининг ногиронлиги олди олинди. Эрта диагностика дастурлари натижасида юзлаб фуқароларда қандли диабет, юрак-қон томир ва онкологик касалликлар илк босқичларда аниқланиб, ўз вақтида даволаш ишлари ташкил этилди. Энг муҳими, республикага даволаниш учун чиқувчи беморлар оқими 3 фоизга қисқарди.
[gallery-30584]
Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш борасида ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Қизларнинг олий таълим билан қамрови 59,6 фоизга етди ва бу кўрсаткич бўйича Навоий вилояти республикада етакчи ҳудудлардан бирига айланди. Уй-жойга муҳтож юзлаб хотин-қизларга ипотека учун бошланғич бадаллар ажратилди, минглаб эҳтиёжманд аёллар давлат маблағлари ҳисобидан тиббий хизматлар билан қамраб олинди.
Энг муҳими, бугун Навоий вилояти нафақат мамлакатнинг йирик саноат марказларидан бири, балки инновация, инвестиция ва инсон капиталига таянган барқарор ривожланиш модели шаклланаётган ҳудуд сифатида ҳам ўз ўрнини мустаҳкамлаб бормоқда.
А.Бўриев, ЎзА мухбири