Истеъдодлар учрашган нуқта: “Келажак муҳандислари”
Пойтахтимизда “Келажак муҳандислари” халқаро фестивали ўз ишини давом эттирмоқда. Мазкур фестиваль бугунги кунда инновация, илм-фан ва замонавий технологиялар марказига айланиб, кенг кўламли дастури билан ажралиб турибди. Унинг доирасида 30 га яқин мусобақа ва танлов ташкил этилган бўлиб, 14 минг нафардан ортиқ иштирокчи бир майдонда жам бўлди.
Фестиваль халқаро миқёсда ҳам катта қизиқиш уйғотди. Унда нуфузли хорижий меҳмонлар ва экспертлар иштирок этиб, ўз маърузалари билан тадбир мазмунини янада бойитмоқда.

Фестиваль тобора қизғин паллага кириб бормоқда. Замонавий техник жиҳозлар ва юқори даражадаги ташкилий тайёргарлик билан жиҳозланган ушбу майдонларда 10 га яқин турли йўналишдаги мусобақаларни ўтказиш режалаштирилган.

Шунингдек, Тошкент шаҳридаги “Алпомиш” муз саройида фестивалга рамзий старт берилди. Унда халқаро экспертлар, мутахассислар ва соҳанинг етакчи вакиллари иштирок этди.
Тадбир доирасида яна бир муҳим янгилик — “Келажак муҳандислари” илмий консорциумини ташкил этиш тантанали равишда эълон қилинди. Ушбу ташаббус Ўзбекистон, Россия, Қозоғистон, Тожикистон ва Қирғизистоннинг етакчи техник олий таълим муассасалари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Фестиваль доирасида ташкил этилган кўргазма эса ёш ихтирочилар, тадқиқотчилар ва новаторлар учун ўз ишланмаларини намойиш этиш имконини яратди. Унда 200 дан ортиқ муҳандислик лойиҳаси, 25 дан зиёд олий таълим муассасаси ва 10 дан ортиқ етакчи саноат корхонаси иштирок этди.

Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов “Келажак муҳандислари” халқаро фестивали доирасида ўтказилаётган “Янги авлод автомобили” мусобақаси жараёнлари билан танишди. Мусобақада республиканинг турли ҳудудларидан келган 20 дан ортиқ жамоа ҳамда 200 нафардан зиёд ёш муҳандис ўзлари ишлаб чиққан инновацион электромобиллар билан иштирок этди.

Беллашув давомида прототиплар 10 километрлик ёпиқ трасса шароитида синовдан ўтказилмоқда. Асосий мезон сифатида минимал энергия сарфи эвазига максимал масофани босиб ўтиш қобилияти белгиланган. Ташриф давомида вазир ёш муҳандислар ишланмаларини юқори баҳолаб, уларнинг яратувчан ғоялари ва инновацион ёндашувлари ҳақида иштирокчилар билан суҳбатлашди ҳамда ўз фикр ва тавсияларини билдирди.

“Келажак муҳандислари” халқаро фестивали ёшлар салоҳиятини намоён этиш, инновацион ғояларни қўллаб-қувватлаш ва халқаро ҳамкорликни ривожлантиришда муҳим платформага айланмоқда.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА